Шамларни тайёрланг! Электр энергияси етказиб беришга чеклов киритиляпти

Жамият

image

Ўзбекистонда 21 июль кунидан бошлаб электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада ошгани сабабли ишлаб чиқарилаётган ва истеъмол қилинаётган электрнинг номутаносиблиги натижада энерготизимдаги йирик авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва унинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида республика истеъмолчиларига чекловлар киритилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон МЭТ” АЖ хабар берди.

Республика бўйича киритилаётган чеклов миқдори тахминан 1,5–2,0 млн кВт соат ни ташкил этмоқда. Бу кунлик ўртача истеъмолнинг (195,6 млн. кВт соат) 0,8–1,0 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, республика бўйича вақтинчалик электр таъминотидаги узилишларига қўшни Тожикистон энерготизимидан қабул қилинаётган электр энергияси импорти ҳажмининг кескин қисқариши ҳам сабаб бўлмоқда. 

Маълумот учун, Тожикистонда сув танқислиги оқибатида жорий йил 16 июль куни соат 02:33да кучланиши 500 кВ бўлган “Регар” ва “Сурхон” подстанцияларини боғловчи Л-508 ҳаво электр узатиш тармоғи орқали импорт амалиёти тўхтатилган ва импорт миқдори суткалик ўртача 12,0 млн кВт соатдан 0,3 млн кВт•соатгача камайган. 

“Шартномага асосан электр энергияси импорти шартномаси сентябрь ойигача бўлганлиги сабабли иссиқлик станцияларига июль ойига электр энергияси импортини қоплаш учун ёқилғи кўзда тутилмаган ва электр станциялар ускуналари таъмирга чиқарилган.

Шунга қарамасдан, жорий режимларда электр станцияларга шартномада кўзда тутилган миқдордан 10–12 фоиз кўп табиий газ етказиб берилмоқда, аниқроғи иссиқлик электр станцияларида режага нисбатан 8 млн кВт соат ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25–30 млн кВт соат кўп электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда”, дейилади хабарда. 

Тожикистон энерготизимидан импорт миқдорининг кескин камайтирилиши “Нурек” сув омборига сув келишининг прогноз кўрсаткичлардан камлиги ва сув сатҳининг пастлиги сабабли Тожикистоннинг “Барки Точик” компанияси ташаббуси билан амалга оширилган.

Бундан ташқари, республикада жорий йилда кузатилаётган сув танқислиги сабабли Ўзбекистон гидроэлектростанцияларида шартномавий миқдорга нисбатан кунлик 6-7 млн кВт соат, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10–12 млн кВт соат кам электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда ва бу ҳам, ўз навбатида, электр энергияси танқислигини юзага келтирмоқда.

Маълум қилинишича, мавжуд ҳолатни барқарорлатириш мақсадида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ ўз ваколатлари доирасида “Туркменэнерго” компанияси билан электр энергияси импорти бўйича шартнома имзоланган бўлиб, ушбу амалиётнинг бошланиши 2020 йил 28 июлдан кутилмоқда.

P.S.: Сўнгги кунларда электр энергияси таъминотида узилишлар кузатила бошланганди. Бу узилишлар бекор эмаслиги ташкилот расмий баёнотидан сўнг маълум бўлди ва маълум муддат электр энергияси таъминотида муаммолар кузатиладиганга ўхшайди. Шамларни тайёрлайвериш керакка ўхшайди.

Хабар соат 20:32 да тўлдирилди


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергия

Баҳолаганлар

1520

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made