“Ўзбекистон Толстойнинг томорқаси эмас”. Бекмуродов россиялик депутатнинг иддаоларига жавоб қайтарди
Жамият
−
15 Ноябрь 2023
26098Аввалроқ, Россия Давлат Думаси вице-спикери Пётр Толстой собиқ Совет иттифоқига кирган давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда Россияда ишлаётган мигрантлар ҳисобидан рус тилида ўқитиладиган мактаблар қуришни таклиф қилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов Толстойнинг "даъват"ларига жавоб қайтарди.
“Ўзбекистон депутат Пётр Толстойнинг томорқаси эмас. У ўз мамлакати ва фуқароларининг муаммолари билан шуғуллансин”, дейди ўзбекистонлик депутат.
Бекмуродов Ўзбекистонда рус тили эркин мулоқот тили эканини эслатиб:
"Биз иттифоқчи мамлакат мақомига мос ишлаяпмиз. Депутат Толстой эса йўқ", дея қўшимча қилган.
Шунингдек, у Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирларига ўз меҳнати ва пешона тери эвазига иш берувчилар томонидан пул тўланаётганини ҳам эслатган.
“Уларнинг оилаларига юбораётган пулини тақсимлаш сизнинг ваколатингизга кирмайди. Рус тилида сўзлашувчи ватандошларимиз ҳақида эса ўзимиз қайғурамиз”, деган Олий Мажлис депутати.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ёшлар сиёсати департаментининг раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев Москвага бориб, Россия Давлат Думаси вице-спикери Владислав Даванков билан учрашувда Россия ҳукуматидан ўзбек диаспораси ҳисобидан мамлакатда меҳнат муҳожирларининг фарзандлари учун хусусий боғча ва мактаблар очишда ёрдам сўраганди. Шундан сўнг, Россиялик депутат Михаил Делягин мазкур ташаббус мамлакат қонунларига мос келмаслигини айтиб, Ўзбекистон Россиядан фуқароларини олиб кетиши кераклигини иддао қилганди. Бунга жавобан депутатнинг Ўзбекистондаги мавқедошлари, жумладан, “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров Россияда ўзбеклар ва ўзбек тилига муносабат “Делягинча” бўлса, Ўзбекистонда ҳам рус тилига муносабат буткул ўзгариши кераклигини айтган, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса ўзбекистонликлар ҳалол меҳнатлари эвазига ўз оилаларини моддий таъминлаётганини, Россия уларни текинга боқмаётганини эслатган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь