Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия йирик қўшма ҳарбий машғулот ўтказди (видео)

Жамият

−

image

Жорий йил 22 сентябрдан 1 октябрга қадар Ўзбекистон, Озарбайжон ва Туркиянинг 3,5 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси “Бирлик кучи – 2026” илк қўшма ўқув машғулотларида иштирок этди. Бу ҳақда Озарбайжон Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, машғулотлар Баку, Қорабоғ минтақаси, Нахчивон ва Каспий денгизининг Озарбайжон секторидаги полигонларда бўлиб ўтган. Уларга 130 дан ортиқ дрон тизимлари, 70 дан ортиқ бронетехника, 90 дан ортиқ артиллерия тизимлари ва 20 дан ортиқ авиация техникаси жалб қилинган.

Маневрларнинг салмоқли қисми дронларни қўллашга бағишланган. Ҳарбийлар дрон тўдаларининг ҳужумларини қайтариш, ҳаво разведкаси, ҳужум қилаётган колонналарга зарба бериш, шунингдек, ўқ-дорилар ва таъминот воситаларини етказиб беришни амалиётда синаб кўрган. Дрон тизимлари артиллерия, бронетехника, авиация ва радиоэлектрон кураш воситалари билан ҳамкорликда қўлланилган.

Сценарийлар доирасида мудофаа чизиқлари ва танкка қарши зовурларни ёриб ўтиш, миналардан тозалаш, аҳоли пунктларини тозалаш ва блокпостлар ўрнатиш каби ҳаракатлар ҳам ишлаб чиқилган. Алоҳида эпизодлар киберҳужумлар ва дезинформация кампанияларига жавоб қайтаришга бағишланган.

Машғулотларнинг денгиз қисми Каспий денгизида бўлиб ўтган. Ҳарбий хизматчилар эгаллаб олинган кема ва шельфдаги объектни озод қилиш, гаровга олинганларни қутқариш ва шартли террорчилик базасини йўқ қилиш учун десант тушириш машқларини бажарган.

Маневрларда, шунингдек, Эрон, Грузия, Покистон, Қирғизистон, Сербия, Словакия, Тожикистон, Туркманистон ва БААдан кузатувчилар ҳам иштирок этган.

Туркия Мудофаа вазири Яшар Гюлер мамлакатлар юқори даражадаги жанговар шайликни сақлаб туриши зарурлигини таъкидлаган.

Озарбайжон Мудофаа вазири Зокир Ҳасанов қуруқлик, денгиз ва ҳаво операцияларини биргаликда ишлаб чиқиш учта армиянинг жанговар шайлигини ошириши кераклигини таъкидлаган. Ўша пайтдаги Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов ҳарбий хизматчиларнинг тайёргарлик даражаси юқори экани ва уларнинг юклатилган вазифаларни биргаликда бажаришга қодирлигини билдирган.

Қайд этиш жоиз, Озарбайжон ва Туркия ўзларининг мудофаа соҳасидаги муносабатларини 2021 йилги Шуша декларацияси доирасида иттифоқчилик муносабатлари сифатида кўради. Баку ва Тошкент ҳам сўнгги йилларда мудофаа технологиялари, ҳарбий таълим ва ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Анқарада Туркия ва Ўзбекистон Мудофаа вазирлари ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди ва ва икки мамлакат расмийлари ҳарбий ҳамкорлик режасини имзолаганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

4

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг