Ўзбекистон “Толибон” билан Қўштепа канали масаласини муҳокама қилади
Жамият
−
19 Октябрь 2023
12025Афғонистоннинг “Толибон” ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа канали юзасидан Ўзбекистон ҳукумати делегацияси тузилмоқда. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов маълум қилди.
Унга кўра, делегация йил охирига қадар Афғонистонга юборилади.
“Ҳозирча улар (Афғонистон томони) канални очгани йўқ, кеча кўрсатганлари бу сизот (еростидан сизиб чиқадиган) сувлари эди. Дарёда қурилиш ишлари тўлиқ якунланмади. Бироқ, хоҳлаймизми, йўқми, (Қўштепа каналининг ишга туширилиши) сув ҳажмига таъсир қилади, камайишига олиб келади. Ўзлаштириш учун ҳали йиллар керак, канални қуришнинг ўзи бўлмайди”, дейди вилоят ҳокими.
Улуғбек Қосимовнинг таъкидлашича, канал қазиш ишларига мутахассислар зарур бўлади. Бундан ташқари, ерни ўзлаштириш, сувни ишлатиш жойи талаб қилинади.
“Ўзлаштириш ҳам катта маблағ талаб қилади. Биз сувнинг бошидамиз, ҳаммага таъсири бўлади, албатта. Унгача [масала] ҳукуматлараро [даражада] кўриб чиқилади”, дейди Улуғбек Қосимов.
Вилоят ҳокими ҳолатни ўрганиш мақсадида Президент топшириғи билан ҳукумат делегацияси тузилаётганини, унда ўзи ҳам борлигини маълум қилди.
“Борсак, бу масалани (сув тақсимотини), албатта, кўтарамиз. Ҳозир қачон бориш масаласи кўриб чиқилмоқда, уларга хатлар юборилган, ташриф бир-бир ярим ой ичида бўлиб қолади”, дейди у.
Маълумот ўрнида, Қўштепа канали Афғонистоннинг Балх вилояти Калдар туманидан бошланиб, Жаузжон вилоятидан ўтиб, Фарёб вилоятининг Андхой туманигача етиб боради. Каналнинг узунлиги 280 километрни, эни эса 100 метрни ташкил этади.
Президент Шавкат Мирзиёев "Қўштепа" канали қурилиши юзасидан ўз хавотирларини билдирган эди. Президент унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сув балансини тубдан ўзгартириши мумкинлигини айтган эди.
“Моҳият-эътиборига кўра, минтақамизда сувдан фойдаланиш жараёнида бизнинг мамлакатларимиз билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлди. Шу муносабат билан биз Афғонистон вакилларини сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб этиш масаласини кўриб чиқишни таклиф қиламиз”, деган эди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Президентининг сўзларига ўз муносабатини билдирар экан, “Толибон”нинг Энергетика ва сув вазири вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансур Афғонистон қўшни давлатлар билан Амударё сувидан фойдаланиш муаммосини муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичини якунлаб, иккинчи босқичини бошлади.
Аввалроқ, Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш ва экология масалалари қўмитаси раиси Борий Алихонов Ўзбекистон келажагида кутилиши мумкин бўлган сув танқислиги ҳақида гапириб ўтган эди.