“Толибон” Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичини якунланяпти
Олам
−
03 Октябрь 2023
10337Амударёдан сув ичадиган Қўштепа канали қурилишининг биринчи босқичи якунланмоқда. Бу ҳақда “Толибон”нинг Қўштепа лойиҳасига масъул ходимлари маълум қилди.
Билдирилишича, жараён шу ой охиригача тугаб, фойдаланишга топширилади.
Транспорт кўприклари муҳандиси ва ушбу лойиҳанинг ижрочи амалдорларидан бири Амирий эса Мозори Шариф-Хайратон кўприги ва Хат Оҳан кўприги қурилиши давом этаётганини ҳамда қурилишнинг 96 фоизини тамомланганини билдирди. Айтилишича, ўтган ҳафтада Сарбанд сув омборининг бир қисми Қўштепа каналининг 42 километрига оқиб келган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Душанбеда бўлиб ўтган Оролни Қутқариш Халқаро Жамғармаси таъсисчилари йиғилишида ушбу масала муҳокамасига Афғонистонни қўшишни ҳам таклиф қилганди.
2022 йил ноябрь ойининг охирида каналнинг қарийб 40 километр қисми қуриб битказилган. Лойиҳани якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.
Мутахассислар Қўштепа канали фойдаланишга топширилгач, ҳудуддаги сув ҳавзаси билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашишидан хавотирда. Шусиз ҳам сўнгги йилларда Марказий Осиёнинг барча республикаларида сув танқислиги тобора кучайиб бораётган эди. Канал қурилиши эса вазиятни янада кескинлаштиради.
Айниқса, Ўзбекистон ва Туркманистон энг кўп зарар кўриши мумкин. Мамлакатлар минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотиш эҳтимоли бор. Лекин Марказий Осиёда сувнинг асосий истеъмолчиси Ўзбекистон бўлиб, унинг аҳолиси 36 миллион кишига етган ва ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, республикадаги сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалигида фойдаланилади.
Авазбек Мўйдинов
LiveБарчаси