Ўзбекистон ТИВ Шимолий Кореянинг космик ракета учирганидан хавотир билдирди
Жамият
−
01 Июнь 2023
13649Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 31 май куни Шимолий Корея томонидан ташувчи космик ракета учирилганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабарида келтирилган.
Ташқи ишлар вазирлигининг қайд этишича, ушбу ҳолат Корея ярим оролидаги кескинликнинг янада кучайишига олиб келади.
“БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларга мувофиқ оммавий қирғин қуролларининг барча турларини синовдан ўтказишдан бош тортилиши тарафдоримиз. Ўзбекистон томони бундан кейин ҳам умумий фаровонлик ва тараққиёт йўлида Корея ярим оролида хавфсизликни таъминлаш бўйича фаол қадамларни қатъий қўллаб-қувватлайди”, дейилади матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Шимолий Корея 31 май куни Япониянинг Окинава ороли томон биринчи разведка сунъий йўлдоши билан ракета учирганди. Аммо КХДР маъмурияти сунъий йўлдошни учириш муваффақиятсиз бўлганини тан олди. Бунга сабаб ракета двигателлари ишидаги муаммолар ва ёқилғининг беқарорлиги бўлгани келтирилди.
Вашингтон маъмуриятининг фикрича, Шимолий Кореянинг ракета ташувчи учирилиши Осиё-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш хавфини оширади.
LiveБарчаси