Шимолий Корея Японияга биринчи разведка сунъий йўлдоши билан ракета учирди

Олам

image

Шимолий Корея Япониянинг Окинава ороли томон биринчи разведка сунъий йўлдоши билан ракета учирди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.

Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати Шимолий Корея томонидан учирилган ракета аллақачон қулаганини аниқлаган.

Япониянинг Окинава оролида илгари эълон қилинган эвакуация бекор қилинган, чунки ракетанинг траэкторияси ва тахминий зарба зонаси Япониядан ташқарида жойлашган.

КХДР маъмуриятига кўра, сунъий йўлдошни учириш вақтида авария юз берган. Бунга сабаб ракета двигателлари ишидаги муаммолар ва ёқилғининг беқарорлиги бўлган.

Япония Бош вазири Фумио Кисида ракета учирилишидан зарар кўрилгани ҳақида хабарлар йўқлигини айтган. Шунингдек, у ҳукумат ракета учирилиши ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилишда давом этаётганини таъкидлаган.

Шу билан бирга Кисида ракета учирилишидан сўнг маълумот тўплаш ва уни аҳолига етказиш, самолётлар ва кемалар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кутилмаган ҳолатларга тайёр бўлишни буюрган.

Бу кўрсатма Шимолий Корея ракеталарини учиришга стандарт жавоб бўлиб, бундай кўрсатмалар КХДР ҳар сафар ракета учирганда берилади. Ушбу ракета учирилиши 2023 йилда аллақачон ўн учинчиси бўлди.

Сеул аҳолиси ҳам Шимолий Корея ракета учиргани ҳақидаги хабарлар фонида эвакуацияга тайёрланиш бўйича огоҳлантирилгани ҳақида хабар тарқалганди. Кейинчалик шаҳар расмийлари хабарлар хатолик билан юборилганини маълум қилган.

29 май куни Япония қирғоқ қўриқлаш хизмати Шимолий Корея 31 майдан 11 июнгача бўлган даврда мамлакатнинг биринчи разведка йўлдошини учириш ниятида эканини аниқлаганди.

Вашингтон маъмуриятининг фикрича, Шимолий Кореянинг ракета ташувчи учирилиши Осиё-Тинч океани минтақаси ва ундан ташқарида вазиятни беқарорлаштириш хавфини оширади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шимолий Корея Япония сунъий йўлдоши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг