Ўзбекистон ТИВ раҳбари Лавров билан гаплашди

Жамият

image

Бугун, 22 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов россиялик мавқедоши Сергей Лавров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Саидов ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон ТИВ раҳбарига кўра, суҳбат давомида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, икки давлат раҳбарлари томонидан эришилган барча келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.

“Яқинлашиб келаётган икки томонлама тадбирлар ҳамда минтақамизда ишонч ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган халқаро ва минтақавий майдонлардаги қўшма саъй-ҳаракатларни ҳам кўриб чиқдик”, дея қўшимча қилади Саидов.

Эслатиб ўтамиз, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 22 апрель куни Ўзбекистонга келди. Сергей Лавровни Самарқанд халқаро аэропортида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов кутиб олди. 23 апрель куни у Самарқанд шаҳридаги “Мотамсаро она“ ҳайкали пойига гул қўйиш чоғида у ерда ёзилган гаплар рус тилида ҳам келтирилмаганини айтиб, норози бўлди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг раҳбари Алишер Қодиров мазкур ҳолатга муносабат билдириб, рус сиёсатчилари Ўзбекистонда рус маданияти ва рус тилига бўлган муносабатни ёмонлаштириш учун ҳамма йўлларни синаб кўраётганини айтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев эса Лавровнинг таклифини “Москвадаги Қизил майдонга ўзбекча ёзилса, кейин ўйлаб кўриш мумкин”лигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сергей Лавров Бахтиёр Саидов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг