Ўзбекистон Мудофаа вазири Москвада МДҲ йиғилишида қатнашди
Жамият
−
12 Ноябрь
4942Бугун, 12 ноябрь куни Москвада Россия Мудофаа вазири Андрей Белоусов раислигида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Мудофаа вазирлари кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унинг ишида МДҲнинг етти давлатидан ҳарбий делегациялар иштирок этди. Арманистон ва Молдова, шунингдек, МДҲ аъзолари рўйхатига киритилган, лекин Ҳамдўстлик низомини имзоламаган Украина ва Туркманистон ўз вакилларини юбормади.
МДҲ Мудофаа вазирлари кенгаши мажлисида Озарбайжондан Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – армия Бош штаби бошлиғи Керим Велиев, Беларусь Мудофаа вазири Виктор Хренин, Қозоғистон Мудофаа вазири Руслан Жақсилиқов, .Қирғизистон Мудофаа вазири Бактибек Бекболотов, Тожикистон Мудофаа вазири Шерали Мирзо, Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, шунингдек, Ҳамдўстлик Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.
Андрей Белоусов мавқедошларига мурожаат қилар экан, МДҲ давлатларининг ҳарбий соҳадаги қўшма фаолиятининг энг муҳим йўналиши минтақавий хавфсизликни таъминлаш эканини таъкидлади.
Россия вазири МДҲда ҳаво ҳужумидан мудофаа, алоқа, радиациявий, кимёвий ва биологик вазиятни назорат қилиш ва баҳолашнинг ягона ҳарбий тизимлари яратилганини ва муваффақиятли фаолият юритаётганини эслатди.
У Ғарбни гегемон ролини сақлаб қолиш учун минтақавий барқарорликка путур етказишга уринишда айблади. Шу боис, унинг таъкидлашича, Россия ва BRICS мамлакатлари можароларни тинч йўл билан ҳал этиш ва адолатли кўп қутбли дунё тартибини шакллантириш тарафдори.
Ўз навбатида, Лебедев дунёда рўй бераётган ўзгаришлар таъсирида ташқи таҳдидларнинг ўзгариши кузатилаётганини, улар тобора кенг кўламли ва хилма-хил бўлиб бораётганини таъкидлади.
“НАТОнинг зарба бериш салоҳиятини ошириш ва унга глобал функциялар бериш, блок масъулияти доирасидан ташқарида ҳарбий фаолиятни фаоллаштириш, ҳарбий инфратузилмасини МДҲ чегараларига яқинлаштириш уларнинг миллий хавфсизлигига бевосита таҳдид солади.
Халқаро ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда ҳарбий куч ишлатиш, коинот ва ахборот маконини ҳарбий ҳаракатлар соҳаси сифатида ўзлаштириш, давлатлараро қарама-қаршиликнинг ҳарбий ва ноҳарбий воситалари ўртасидаги чегараларни йўқотиш жаҳондаги вазиятни беқарорлаштиради, йирик давлатлар ўртасидаги, шу жумладан ядровий кучлар иштирокидаги тўқнашувлар уларнинг авж олиши ва минтақавий ёки глобал урушга айланиши эҳтимолини оширади”, деди МДҲ Бош котиби.
Унинг қўшимча қилишича, ҳозирги шароитда Ҳамдўстлик давлатлари янги чақириқ ва таҳдидларга жавоб беришга, мамлакатлар ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш манфаатларидан келиб чиқиб сиёсатни ўзгартиришга мажбур.
LiveБарчаси