Ўзбекистон мактабларидаги дарслар вақтинча онлайн шаклга ўтказилиши мумкин
Жамият
−
17 Январь 2023
11528Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова маҳаллий ҳокимликлар билан III чоракни бошлаш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар берди.
Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосарлари билан бўлиб ўтган йиғилиш кун тартибига ҳудудларда мактабларнинг III чоракни бошлашга тайёргарлиги масаласи қўйилди.
Жумладан, вазир маҳаллий ҳокимликлар жойлардаги умумтаълим муассасаларининг тайёргарлик ҳолатини яна бир бор қайта таҳлил қилиш зарурлигини таъкидлади.
Айни дамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқувчиларни об-ҳаво шароитлари барқарорлашгунига қадар вақтинча онлайн таълим тизимига ўтказиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Аввалроқ, Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги жорий йилнинг 5 январь куни аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча мактабларда қишки таътил 17 январгача узайтирилгани, 2022-2023 ўқув йилининг III чораги 2023 йилнинг 18 январидан бошланишини билдирганди. Бироқ жорий йилнинг 10 январь куни қишки таътил даврини узайтириш ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда, маҳаллий ҳокимликларга берилганини айтиб чиққани ҳақида хабар берилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳридаги таълим муассасалари — мактаб, лицей ва коллежлар ҳамда олий таълим даргоҳларида ўқиш 23 январдан бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси