Бир қадам олдинга, икки қадам орқага: мактабларда узайтирилган таътил бекор қилинаётганига изоҳ берилди
Жамият
−
10 Январь 2023
31561Қишки таътил даврини узайтириш ваколати ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда маҳаллий ҳокимликларга берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли баёнига асосан ҳудуддаги об-ҳаво шароитларини инобатга олган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига мактабгача, умумтаълим, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим ташкилотларида қишки таътил даврини узайтириш ёки узайтирмаслик ваколати берилганлигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 27-моддасида Маҳаллий давлат ҳокимияти органларига таълим соҳасидаги тегишли ваколатлар берилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон ва Хоразм вилоятларидаги мактабларда эртага, 11 январдан таълим жараёнлари тикланиши маълум қилинди. Шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳам 11 январдан бошлаб олий ҳамда профессионал таълим муассасалари ва академик лицейларда босқичма-босқич дарс машғулотлари бошланишини билдирди.
Мактаб ва мактабгача таълим вазирлиги эса жорий йилнинг 5 январь куни аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча мактабларда қишки таътил 17 январгача узайтирилгани, 2022-2023-ўқув йилининг III чораги 2023 йилнинг 18 январидан бошланишини маълум қилганди.
Гидрометеорология хизмати маркази эса мамлакатда аномал совуқ ҳафта охиригача давом этишини айтмоқда.
LiveБарчаси