Ўзбекистон қийин ўйинда Шимолий Кореяни мағлуб этди
Спорт
−
19 Ноябрь
8556Бугун, 19 ноябрь куни футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралашининг Осиё қитъаси 3-босқич 6-тури доирасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) билан баҳс олиб бориб, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди
Учрашув давомида Сречко Катанец шогирдларида қатор имкониятлар юзага келган бўлса ҳам, ягона гол 44-дақиқада Аббосбек Файзуллаев томонидан киритилди. 21 ёшли футболчининг узоқдан йўллаган зарбаси рақибга тегиб, Шимолий Корея дарвозасига йўл олди ва учрашувда ҳисоб очилди.
83-дақиқада кореяликларнинг ҳужумларидан бирида ўзбекистонлик ҳимоячи ўз жарима майдончасида тўпни қўли билан ўйнади ва ҳакам Умар Эшмуродовга қизил карточка кўрсатиб, Ўзбекистон дарвозасига пенальти белгилади. Рақиб тепган тўпни Ўткир Юсупов бартараф этиб, жамоаси ғалабасига катта ҳисса қўшди.
Ғалаба орқали Ўзбекистон терма жамоаси ўз очколари сонини 13 тага етказиб, гуруҳда 2-ўринни мустаҳкамлаб олди. 6 та турдан бери ғалаба қозона олмай келаётган КХДР эса 2 очко билан гуруҳда охирги ўринни банд этган.
Квартетдаги навбатги ўйинларда Қирғизисон Эрон билан, БАА эса Қатар билан куч синашади. Қирғизистон-Эрон баҳси 19:00 да, БАА-Қатар учрашуви эса 21:00 да бошланади.
LiveБарчаси