Ўзбекистон фармацевтикасида биз билмаган ўйинлар бор
Саломатлик
−
07 Февраль 2023
25286Танаси бошқа дард билмас дейишади. Бугун ўша танаси бошқалар “Док-1 Макс” воқеасини, 20 нафар боланинг ўлимини аллақачон унутиб юборди. QALAMPIR.UZ эса мунтазам равишда мазкур мавзу юзасидан репортажлар, суриштирувлар ва интервьюларни эълон қилиб келмоқда.
Бу сафар эса таҳририят мухбири “Док-1 Макс” воқеаси ортидан Ўзбекистонга кириб келаётган дори-дармонларнинг сифатини назорат қилиш, лаборатория ва рўйхатдан ўтказиш, сертификат беришга жавобгар бўлган Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказида бўлди ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан ўтказилган мажлисни кузатди.
Вазир Иноятов ҳам “Док-1 Макс” воқеасида асосий жавобгар орган Дори воситаталари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш маркази эканини таъкидлади.
У марказнинг хато-камчиликларини санаб ўтар экан, унинг штат бирлиги ниҳоятда катта экани, ҳатто бу борада бутун бошли Соғлиқни сақлаш вазирлигини ҳам ортда қолдиришини айтди.
“Марказ ташкилий тузилмасининг умумий штат бирлиги 484 нафар бўлиб, шундан раҳбар ва бошқарув ходимлари 90 нафарни, яъни 20 %ни ташкил қилади. Соғлиқни сақлаш вазирлигида эса 134 нафар раҳбар ходимлар ишлайди”, дейди вазир.
Амрулло Иноятовнинг айтишича, стандартлаштириш маркази мутасаддилари мунтазам равишда Ҳиндистон дориларига қалбакилаштирилган сертификатлар бериб келган, “Док-1 Макс” бўйича ҳужжатларни эса йўқ қилиб юборган.
“Ҳиндистоннинг “Valast pharmaceutical” компаниясининг “Амписид”, “Валаст”, “Фороза” дори воситалари экспертлар кенгашига олиб чиқилиб, кенгаш аъзоларининг эътирозлари сабабли Экспертлар кенгашига раислик қилувчи ва котиб томонидан имзоланмаган бўлсада, Марказнинг масъул шахслари ушбу дори воситаларига қонунга хилоф равишда сохта гувоҳнома расмийташтириб берган”, дейди Амрилло Иноятов.
Мажлисда Иноятов ушбу марказнинг ходимлари томонидан йиллар давомида йўл қўйиб келинган хато ва камчиликларга тўхталиб ўтди.
Улар орасида дориларга бериладиган сертификатларни сохталаштирадиган,пора эвазига ишга киритиб қўядиган, тажриба учун олиб келинадиган кемирувчиларни ҳам ҳужжатда кўп кўрсатиб, аслида кам олиб келадиган ходимлар бор. Бироқ мазкур ходимларнинг айби ҳали тўлиқ тасдиқланмаган. Гарчи вазир буни айтаётган бўлса ҳам уларга қўйилаётган айбларни бутунлай тўғри деб бўлмайди.
20 гўдакнинг ўлими учун жавобгарлар кўп. Бугун вазир томонидан саналганлар эса уларнинг бир қисми, холос.
Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов томонидан ўтказилган мажлиснинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси