Ўзбекистон Эроннинг ШҲТга аъзо бўлишини маъқуллади
Жамият
−
09 Март 2023
7401Ўзбекистон Эроннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш бўйича сўровини маъқуллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг 7 мартдаги “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида маълум қилинди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонуннинг 22-моддасига мувофиқ, 2022 йил 16 сентябрда Самарқанд шаҳрида имзоланган Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум тасдиқланган.
Фармонга кўра, Ташқи ишлар вазирлигига мазкур халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат тартиб-қоидаларининг Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилиши тўғрисида тегишли билдиришнома ШҲТ Котибиятига юбориш топширилган. Битим қоидаларининг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига юклатилган.
Маълумот учун, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлат мақомини олиш учун Эрон мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум ташкилотга аъзо бўлган бошқа давлатлар томонидан ҳам тасдиқланиши керак.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Эрон Президенти Иброҳим Раисий ШҲТ Бош котиби Чжан Мин билан учрашган ва ташкилотнинг халқаро муносабатлар тизимида муҳим роль ўйнашини қайд этган эди. Ўз ўрнида Бош котиб Чжан Мин ҳам Эрон ШҲТнинг фаол аъзосига айланиши мумкинлигига ишонч билдирган эди.
LiveБарчаси