Ўзбекистон бензин нархи бўйича дунёдаги рейтингини янгилади
Жамият
−
19 Сентябрь 27737 2 дақиқа
Жорий йилнинг 14 сентябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон энг арзон ёнилғи бўйича дунёнинг 127 давлати орасида 30-ўринни эгаллади. Бу ҳақда “Ranking.kz” хабар берди.
Ўзбекистонда бир литр бензиннинг ўртача нархи 0,98 долларни ташкил қилди.
Энг арзон бензинга эга бешликка Ливия, Миср, Қувайт, Жазоир ва Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон кирди. Энг юқори нархлар Мьянма, Гонконг ва Исландияда қайд этилган.
МДҲ давлатлари орасида бензин Ўзбекистонникидан арзонроқ бўлган давлатлар ҳам бор. Булар Қозоғистон (бир литр бензин учун 0,46 доллар), Озарбайжон (0,67 доллар), Россия (0,72 доллар), Беларусь (0,76 доллар) ва Қирғизистон (0,82 доллар).
Шу билан бирга, бир литр бензин Ўзбекистонга нисбатан Тожикистонда (1,11 доллар), Арманистонда (1,36 доллар), Украинада (1,38 доллар) ва Молдовада (1,44 доллар) қимматроқ.

Айни пайтда жаҳоннинг 397 шаҳри орасида Ўзбекистон пойтахти Тошкент энг арзон бензин (литрига 0,99 доллар) бўйича 90-ўринни эгаллади. Рейтингга киритилган МДҲ шаҳарлари орасида энг паст нархлар Остонада (0,46 доллар), энг юқори нархлар Кишинёвда (1,44 доллар) қайд этилган.

Айни пайтда бензин бўйича дунёдаги энг қиммат шаҳарлар Гонконг, Рейкьявик ва Амстердам, энг арзонлари эса Триполи, Жазоир, Искандария, Қоҳира ва Қувайт Сити ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 25 ноябрь куни “Global Petrol Prices” бензинни энг арзон нархга пуллайдиган давлатлар рўйхатини тузганди. Ўшанда Эрон, Ливия ва Венесуэла бензин нархи энг арзон ҳисобланган давлатлар эди. Ўзбекистонда эса 1 литр бензиннинг нархи 0,99 доллар деб қайд этилганди. Марказий Осиёда бензин арзон сотиладиган давлатлар – Туркманистон (0,42 доллар) ҳамда Қозоғистон (0,49 доллар) бўлди. Тожикистонда бензин нархи қанча эканлиги ва унинг дунё рейтингидаги ўрни ҳақида маълумотлар келтирилмаганди. Россияда эса 1 литр бензин нархи 0,57 долларни ташкил этганди. Бензин нархининг ўзгариши кўп жиҳатдан ёнилғи солиғининг миллий тузилмалари ва субсидиялаш сиёсатидаги фарқлар билан изоҳланади.
Live
Барчаси