Ўзбекистон элчиси “Толибон”га ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди
Жамият
−
20 Ноябрь
2979Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги элчиси Ойбек Усмонов “Толибон” муваққат ҳукуматининг ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақийга ишонч ёрлиқлари нусхасини топширди ва икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда “Sputnik” хабар берди.
1961 йилдаги Вена конвенциясининг 14-моддасига кўра, элчилар давлат раҳбарларига ишонч ёрлиқларини топшириш орқали расман ваколатланади. Айни вақтда “Толибон” практикасида бу жараён давлат раҳбари эмас, балки ҳукумат раҳбари иштирокида ўтиши ва маросим кейинчалик ташкил этилиши мумкин.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ушбу тадбир ҳақида ҳеч қандай расмий изоҳ берилмаган.
Маълумот учун, Ойбек Усмонов 1962 йил 24 сентябрда Тошкент шаҳрида туғилган. 1985 йилда Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) шарқшунос-филология факультетини тамомлаган. Инглиз, дорий ва пуштун тилларида гаплаша олади. 1998 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппаратда ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаб келмоқда. У 2001-2006 йилларда республиканинг Исроилдаги фавқулодда ва мухтор элчиси ва Фаластин мухториятидаги вакили, 2006-2011 йилларда ва 2020-2024 йилларда Покистондаги элчиси бўлган. 2011-2020 Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
Ойбек Усмонов 2012-2024 йилларда Қобулда элчи бўлиб ишлаган Ёдгорхўжа Шодмонов ўрнига тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, 28 октябрь куни Ўзбекистоннинг янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳридаги “Айван-е-Садр” саройида Покистон Президенти Асиф Али Зардорийга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси