Ўзбекистон элчиси Покистон Президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
29 Октябрь
1820Кеча, 28 октябрь куни Ўзбекистоннинг янги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Тўхтаев Исломобод шаҳридаги “Айван-е-Садр” саройида Покистон Президенти Асиф Али Зардорийга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Покистон Президенти Ўзбекистон етакчисига чуқур ҳурмат ва эҳтиром изҳор этиб, энг эзгу ва самимий тилакларини етказишни сўради. Президент Асиф Али Зардорий Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги узоқ муддатли биродарлик муносабатларининг мустаҳкам пойдевори бўлган муштарак маданий, тарихий ва маънавий-маърифий ришталарнинг муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у республиканинг иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари таҳсинга лойиқлигини эътироф этиб, икки томонлама алоқаларни, айниқса, савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳаларида янада ривожлантириш учун бор куч ва имкониятларни ишга солишга тайёрлигини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, мулоқот чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигига эътибор қаратилган. Яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилган.
“Маданий-гуманитар, туризм алмашинуви масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон раҳбари мамлакат фуқароларининг Ўзбекистонга бориши учун виза тартиби соддалаштирилганидан мамнунлик билдирди. Жорий йил ноябрь ойида қайта тикланиши режалаштирилган Тошкент ва Лаҳор шаҳарлари ўртасидаги тўғридан тўғри авиақатновлар икки мамлакат ўртасида сайёҳлар оқимини ошириш ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги туртки бўлиши урғуланди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Алишер Тўхтаев Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирги Тошкент давлат юридик университети) тугатгач, Ташқи ишлар вазирлиги, Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Президент администрациясида масъулиятли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, у Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмасида ҳам аввал маслаҳатчи, сўнгра раис ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. Элчиликка тайинланишидан олдин у Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси 6 октябрь куни Исломободга етиб борган эди. Алишер Тўхтаев 2021–2024 йилларда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчиси лавозимида ишлаб келган ва Афғонистонга элчи этиб тасдиқланган Ойбек Усмонов ўрнига тайинланди. Ойбек Усмонов эса Ўзбекистоннинг Афғонистондаги янги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланди.
LiveБарчаси