Ўзбекистон элчиси Макронга ишонч ёрлиқларини топширди
Жамият
−
18 Сентябрь
2611Ўзбекистоннинг янги элчиси Нодир Ғаниев кеча,17 сентябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макронга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, расмий маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбатда Франция Президенти Тошкент ва Париж ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ҳолати ва истиқболини юксак баҳолаган.
Франция Президенти Эммануэль Макрон 2023 йил ноябрь ойида Самарқандга қилган расмий ташрифини илиқ таассуротлар билан эслаб, олий даражадаги сиёсий мулоқотни давом эттириш ва Ўзбекистон билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлаган.
Франция етакчисига Ўзбекистон элчиси билан бир қаторда яна 20 та хорижий мамлакатларнинг элчилари ўз ишонч ёрлиқларини топширган.
Франция Президенти элчиларни ушбу лавозимга киришишлари билан табриклаб, уларга икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги дипломатик фаолиятларида улкан зафарлар тилади.
Маълумот учун, Нодир Ғаниев 13 июль куни Париж шаҳрига Ўзбекистоннинг янги элчиси сифатида етиб келганди. У шу кунга қадар Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи Фавқулодда ва Мухтор Элчиси лавозимида ишлаган.
Нодир Ғаниев 53 ёшда. Тошкент давлат шарқшунослик университетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб келмоқда. У марказий аппаратда ва мамлакатнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Швецияга элчи бўлиб тайинланишидан олдин ТИВнинг Европа мамлакатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармасига раҳбарлик қилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Фавқулодда ва мухтор элчиси Бахтиёр Ибрагимов 12 сентябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга ишонч ёрлиқларини топширганди.