Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи элчиси тайинланди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
7229Нодир Ғаниев Ўзбекистоннинг Швециядаги биринчи Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида иш бошлади. Бу ҳақда “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди.
Агентликнинг бугун, 26 октябрь куни эълон қилган хабарига кўра, шу вақтга қадар Ўзбекистоннинг Швециядаги Муваққат ишлар вакили сифатида ишлаб келаётган Нодир Ғаниев эндиликда мамлакатнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида фаолият юритади.
52 ёшли дипломат Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг шарқшунослик факультетини тамомлаган. 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, марказий аппарат ва мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида турли лавозимларда ишлаган.
Ғаниев Швецияга жўнаб кетишидан олдин ТИВнинг Европа давлатлари ва Европа Иттифоқи институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Стокголмдаги дипломатик ваколатхонаси 2022 йилда очилган ва у мамлакатнинг хорижий давлатлардаги 36-элчихонаси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Абат Файзуллаев Ўзбекистоннинг Италиядаги элчиси сифатида иш бошлагани ҳақида хабар берилган эди. У 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган Отабек Акбаров ўрнига тайинланган.
LiveБарчаси