Ўзбекистоннинг Италиядаги янги элчиси тайинланди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
5576Ўзбекистоннинг Италияга янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев Римга етиб борди. Бу ҳақда “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Абат Файзуллаев 2020-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси бўлиб ишлаган, шунингдек, Венгриядаги дипломатик миссияни ўриндошлик асосида бошқарган. У бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Венадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили бўлиб ишлаган.
40 ёшли дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида турли лавозимларда ишлаган, ташқи ишлар вазири ёрдамчиси – котибият мудири лавозимларида фаолият юритган.
Маълумот учун, Файзуллаев 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган Отабек Акбаров ўрнига тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Ўзбекистон элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида Италия Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашган эди.
LiveБарчаси