Ўзбекистон элчиси Италия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

Жамият

image

Ўзбекистоннинг янги тайинланган элчиси Абат Файзуллаев Италия Президенти Сержо Маттареллага ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё“ ахборот агентлиги хабар берди

Қайд этилишича, тантанали маросим Италия Президентининг Рим шаҳридаги расмий қароргоҳи – “Квиринале” саройида бўлиб ўтган. Унда Президент Маттарелла жорий йилнинг 9-11 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган расмий ташрифини ёдга олиб, унутилмас таассуротларга эга бўлганини айтган.

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон ва Италиянинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлиги истиқболларидан самарали фойдаланишдан икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидланган.

Суҳбат якунида Маттарелла Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси ҳамда у зиёрат қилган Самарқанд ва Хива шаҳарларидаги қадимий обидалар жозибасини алоҳида қайд этган.

Маълумот учун, Абат Файзуллаев 2020-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси бўлиб ишлаган, шунингдек, Венгриядаги дипломатик миссияни ўриндошлик асосида бошқарган. У бир вақтнинг ўзида, Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Венадаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили бўлиб ишлаган.

40 ёшли дипломат Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. У Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасида турли лавозимларда ишлаган, ташқи ишлар вазири ёрдамчиси – котибият мудири лавозимларида фаолият юритган.

Файзуллаев 2018-2023 йилларда Ўзбекистоннинг Римдаги дипломатик ваколатхонасига раҳбарлик қилган Отабек Акбаров ўрнига тайинланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон элчи Италия Сержо Маттарелла Абат Файзуллаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг