Бизда қонунлар ишлайди, ўртоқ Миронов – Ўзбекистон депутати россиялик мавқедошига
Жамият
−
20 Октябрь
10104Аввалроқ, Россиядаги “Справедливая Россия – за правду” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқиб, нега мигрантлар уларни “боқаётган” мамлакатни ҳимоя қила олмаслигини айтганди ва бундай мигрантлар Россияга керак эмаслигини иддао қилганди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса бунга жавобан россиялик депутатга “бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини” айтди.
“Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, Ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир”, дея ёзган депутат ўзининг Теlegram саҳифасида.
Бобур Бекмуродов ўз сўзига қўшимча тарзда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартноманинг 7-моддасини эслатиб ўтган. Унга кўра, “Бир томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўради”.
“Бизда қонунлар ишлайди. Сизларда ҳам шундай бўлиши керак. Бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади”, деган Олий Мажлис депутати.
Бундан олдин Мироновнинг ушбу гапларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров ҳам фикр билдириб, Россияни Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консулхонаси фуқароларни яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирганди. Бош консулхона баёнотида Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисидаги қонунга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган шахс хорижий давлатнинг фуқаролигига тегишли деб эътироф этилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилинган кундан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бекор қилиниши қайд этилган.
Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 154-моддасига (Ёлланиш) кўра, хорижий давлат ҳудудидаги қуролли тўқнашувларда ёки ҳарбий ҳаракатларда қонунга хилоф равишда қатнашиш жиноят ҳисобланиши, ушбу ҳаракатларни содир этганлик учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини эслатиб ўтганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь