Россиянинг Ўзбекистонга навбатдаги “ҳамласи”
Таҳлил
−
21 Октябрь
9910Сўнгги кунларнинг оддий қилиб айтганда тренддаги мавзуси мигрантлар бўлиб қолди. Мигрант бўлганда ҳам айнан Россиядаги қора кўзларимиз. Расмий маълумотларга кўра, шу йилнинг январидан августигача бўлган муддатда Россияга 1 миллион 880 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси борган. Афсуски, Россияга “оилам, боламни боқаман, яхшироқ пул ишлайман”, деб борганлар орасида Украинадаги урушга жўнатилаётган ўзбекистонликлар ҳам йўқ эмас. Ўзбекистон ўз фуқароларини қайси давлатда меҳнат мигранти бўлиб ишлашидан қатъи назар уришга бормасликка чақирмоқда.
Жумладан, Россиянинг Қозон шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги Ўзбекистон фуқароларини яна бир бор хорижий давлатлар ҳудудида жиноий жавобгарлик белгиланган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан огоҳлантирди. Шу муносабат билан, консуллик Жиноят кодексининг 1541 (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) моддасига кўра, бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни назарда тутишини яна эслатиб ўтди.
Шунингдек, консулхона фуқароларни Жиноят кодексининг юқоридаги моддасида назарда тутилган қонунга хилоф ҳаракатларни содир этганлиги тўғрисида холис маълумотлар мавжуд бўлган барча шахслар истисносиз жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида огоҳлантириб ҳам ўтди.
Бу огоҳлантиришлар Россия томонидаги айрим шахсларнинг жиғига теккан чоғи, бу масалага ҳам муносабат бермай қолишмади. Россиянинг “Справедливая Россия – за правду” ўзбекча айтганда, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” (СРЗП) партияси раиси Сергей Миронов Ўзбекистоннинг ўз фуқароларини Россияда урушга ёлланмаслиги ҳақидаги огоҳлантиришига қарши чиқиб, ўзининг Х саҳифасида қуйидагича пост қолдирди:
“Ўзбекистоннинг Қозондаги Бош консуллиги ўзбекистонликларни Россия армияси сафларига қўшилмасликка чорлади. Нега бошқа имкониятлардан фойдаланмасликка чорламади? Шунда бошқа имтиёзлардан фойдаланмаслик керакми? Сизни боқаётган мамлакатни ҳимоя қила олмайсизми? Тушунарли, демак, виза режимини жорий қилишимиз керак. Виза режими билан ҳаммаси ҳал бўлади! Бундай “фуқаролар” (мигрантлар) бизга керак эмас”, деган партия раиси.
Мироновнинг Ўзбекистон томонга йўлланган сўзлари жавобсиз қолмади, албатта. Россия расмийларининг Тошкентга улоқтирадиган ҳамлаларига жавоб беришга шай бўлган доимги “учлик” Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ва Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербаевлар Мироновга жавоб қайтарди.
Алишер Қодиров ўзининг Х ва Телеграмдаги саҳифаларида ўзбеклар баракали халқ экани ва ўз ҳаққини одам ўлдириб эмас, балки меҳнат қилиб тошини, Россияни эса Мироновнинг ўзи ва яқинлари ҳимоя қилиши лозимлигини ёзиб қолдирди.
“Ўзбеклар баракали халқ, ҳаққини меҳнат қилиб топади, одам ўлдириб эмас. Россияни эса Мироновнинг ўзи, ўғиллари, куёвлари, неваралари ҳимоя қилиши керак. Билишимча, руслар ҳам ватанни ҳимоя қилишни ўзбеклардек муқаддас бурч деб ҳисоблайдилар?”, деб ёзди Қодиров.
Бекмуродов эса россиялик депутатга “бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатишини” эслатиб, ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид солувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқлик эканини таъкидлади.
“Биринчидан, биз ватандошларимиз бошқа давлатнинг урушларига жалб қилинишига ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Консуллигимиз фуқароларимизни Ўзбекистонда ноқонуний ҳисобланган ҳаракатлардан ҳимоя қилиши табиий ва адолатли. Иккинчидан, ватандошларимиз ўз меҳнатлари билан Россиянинг иқтисодиётига ҳисса қўшяпти. Ижтимоий нафақаларни инсон ҳаётига таҳдид қилувчи ҳаракат билан солиштириш саводсизлик ва аҳмоқликдир”, дея ёзган депутат ўзининг Telegram саҳифасида.
Бобур Бекмуродов ўз сўзига қўшимча тарзда Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги “Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида”ги шартноманинг 7-моддасини ҳам эслатиб ўтган. Унга кўра, “бир томон фуқаролари ва юридик шахсларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини бошқа томон ҳудудида кафолатлайдиган самарали чоралар кўради”.
“Бизда қонунлар ишлайди. Сизларда ҳам шундай бўлиши керак. Бундай тажовузкор риторика фақат икки томонлама муносабатларга салбий таъсир кўрсатади”, деган Олий Мажлис депутати.
Ҳаракатларидан шовинизм ҳиди анқиб турган россиялик депутатга Кушербаев томонидан йўлланган жавобида, виза режими жорий қилиш каби таҳдид Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзига қарам давлат сифатида кўриши ва улар икки давлат ўртасидаги муносабатларни бузиш учун баҳона излатганига ишора деб ҳисоблаши баён этилди.
“Ўзбекистон дипломатик идораси Ўзбекистон қонунчилигида кўзда тутилган нормаларни ўз фуқароларига эслатгани учун Россиядан виза режими жорий этиш таҳдиди янграётгани, Россия сиёсатчилари Ўзбекистонни ўзларига қарам давлат сифатида кўришини англатмоқда. Афсуски, юқори мартабали сиёсатчининг бу гаплари Россия томони Ўзбекистон билан алоқаларни бузиш учун баҳона қидираётганини кўрсатмоқда”, дея ёзган Кушербаев ўзининг Telegram саҳифасида.
Бу Сергей Мироновнинг Ўзбекистон ва ундаги қонунчилик тизимига нисбатан қилинган биринчи ҳурматсизлик, мамлакатнинг ички ишига биринчи марта аралашиши эмас. У 2023 йилда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг Украинадаги урушда қатнашган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунчилиги сабаб ўринсиз ва асоссиз тарзда танқид қилиш орқали Марказий Осиё давлатларининг ҳуқуқий тизимига оёқ қўйганди.
“Ўтган йилнинг сентябрь ойида уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон агар уларнинг фуқаролари Россия томонида “махсус ҳарбий операция”да қатнашса, уларни жиноий жавобгарликка тортишга қарор қилди. Шу ерда савол туғилади: биз бир ташкилотнинг аъзоларимиз ва агар ЕОИИга кирувчи давлат фуқароси ушбу ҳамжамиятнинг бир қисми бўлган бошқа давлатга ёрдам беришни истаса, нима учун у ўз мамлакатида жиноий жавобгарликка тортилади? Менимча, бу борада давлатлараро қарор қабул қилиш керак. Агар гап иштирокчи давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаётган бўлса, унда жиноий таъқиб бўлиши мумкин эмас”, дея иддао қилган Миронов.
Бекмуродов ҳам бўш келмай, Мироновга бу масалага салбий муносабат билдиргандан кўра, ўз қонунчилиги билан ишлашни маслаҳат берган. Шунингдек, Бекмуродов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 154-моддасида ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш мақсадида ёлланганлик учун жиноий жавобгарликка тегишли норма 1994 йилда қабул қилингани, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 1541-модда эса 2003 йилда киритилганини эслатган. Ҳар бир мамлакат Россия-Украина уруши бошланганидан буён ўз фуқароларининг урушга бормасликни айтишига қарамай, Россиянинг Москва ва бошқа шаҳарларида шартнома асосида ҳарбий хизматга боришни хоҳловчилар сони сезиларли даражада ошгани ҳам маълум қилинганди.
2024 йилнинг апрель ойида берилган маълумотда жорий йил бошидан бери 100 мингдан ортиқ киши шартнома бўйича Россия Қуролли кучларига қўшилган. Улар орасида қанчаси мигрант экани ёки Ўзбекистон фуқаролари бор-йўқлиги ҳақида лом-мим дейилмаган.
Аммо бир нарса аниқ-ки, бир неча йиллардан буён Россиядаги Марказий Осиёлик мигрантлар билан боғлиқ ҳолат яхши эмас. Шунча огоҳлантиришларга қарамай, уришга ёлланган ва бу учун жазо олганлар ҳам йўқ эмас. Масалан, Россияга ишлаш учун бориб, у ерда моддий манфаат эвазига Украинага қарши урушда қатнашган ўзбекистонлик 3 йилга қамалди.
Самарқанд вилоятининг Булунғур туманидан бўлган судланувчи 2023 йилда Санкт-Петербург шаҳрида ишлаётган вақтида Россия Қуролли кучлари сафига ёлланган. Ўтган вақт мобайнида эркак Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келган. У Россия фуқаролигини ҳам олган. Ҳуқуқ-тартибот органларимиз томонидан шахси сир сақланаётган эркак 2023 йилнинг октябрь ойида содир бўлган турли ҳужумлар оқибатида яраланиб, Ўзбекистонга қайтган.
Унга тегишли телефон текширилганда, Россия Қуролли кучлари сафига ишга киргани бўйича ҳарбий гувоҳнома, Мудофаа вазирлигига тегишли ҳарбий госпиталда жароҳат олгани бўйича маълумотнома ҳамда Россия фуқаролиги паспорти акс этган фотосуратлар топилган. Жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани суди томонидан судланувчи Жиноят кодексининг 1541-моддаси (Чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кириш, ёлланиш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган ҳолда 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Жазо умумий тартибли колонияда ўталиши белгиланди.
Бир сўз билан айтганда, Россия томони мигрантларни сиқувга олмоқда. Бу ҳам камдек, мамлакатда миграция сиёсати билан боғлиқ 5 та қонун қабул қилиниши мумкин. Агар шундай бўлса, меҳнат муҳожирларининг вазияти янада оғирлашади. Парламентнинг қуйи палатасига миграция билан боғлиқ қўйидаги қонун лойиҳалари киритилган.
- Россияда ноқонуний бўлишни жиноят содир этишда оғирлаштирувчи ҳолат деб тан олиш;
- Ноқонуний миграцияни ташкил этишни оғир жиноят деб белгилаш;
- Миграция соҳасида ноқонуний хизматлар таклиф қилувчи сайтларни судсиз блоклаш;
- Ҳужжатларни қалбакилаштириш ва сохта рўйхатга олиш учун жазони кучайтириш;
- Воситачиларга рус тилини билиш бўйича имтиҳонларни ўтказишни тақиқлаш.
Россияда мигрантлар билан боғлиқ вазият оғир. Сиз ва бизнинг қўлимиздан келадигани эса у мамлакатда бўлиб турган яқинларимизни огоҳлантириш.
LiveБарчаси