Бу МО бирдамлиги руҳига мос эмас – Бекмуродов Тожикистон вазирининг чиқиши ҳақида

Жамият

image

Аввалроқ, CNN томонидан яқинда чоп этилган мақолага жавобан ўз расмий позициясини билдирган Тожикистон Маданият вазири Матлубахон Сатториён ушбу мақолада Абу Али ибн Сино “нотўғри” равишда ўзбек олими деб аталганидан норози бўлгани хабар қилинганди. Мазкур вазиятга “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов муносабат билдирди.

"Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари ўзаро дўстона алоқаларни мустаҳкамлаб, умумий муаммоларни биргаликда ҳал этишга интилмоқда. Халқларимизни чуқур тарихий илдизлар, маданий қадриятлар ва келажакка муштарак назар бирлаштиради", дейди депутат.

Унинг сўзларига кўра, Абу Али ибн Сино каби улуғ шахсларнинг мероси бутун минтақа ва бутун дунёга тегишлидир. "Шу нуқтаи назардан, Тожикистон Маданият вазирининг CNN нашрида чоп этилган мақола юзасидан билдирган эътирози афсусланарли. Бундай баёнотлар Марказий Осиё якдиллиги ва бирдамлиги руҳига мос эмас".

"Бугун биз “бу сеники” ёки “бу меники” деб эмас, асосий эътиборимиз минтақамизнинг келажаги учун муҳим бўлган реал ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларга қаратилиши керак", деб ёзади Бекмуродов. 

Шунингдек, депутат Марказий Осиё давлатлари иқлим ўзгариши, иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги ва хавфсизлик каби жиддий муаммолар билан юзлашаётганини эслатиб, уларни ҳал этиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, биргаликда  ривожланиш устида бош қотириш зарурлигини қўшимча қилган.

"Биз ўзаро ҳурмат, ишонч ва умумий фаровонликка интилиш йўлига содиқмиз", дейди Бобур Бекмуродов.

Маълумот учун айтадиган бўлсак, Абу Али ибн Сино 980 йилнинг 18 июнида Бухоро яқинидаги Афшона қишлоғида туғилган ва 1037 йилнинг 16 августида Ҳамадон (Эрондаги шаҳар)да вафот этган. У таваллуд топган ҳудуд айни пайтда Бухоро вилоятининг Пешку туманига тўғри келади. Ибн Синонинг отаси Абдуллоҳ эса Балх шаҳридан бўлиб, бу шаҳар ҳозирги Афғонистон еридир.


Мақола муаллифи

Теглар

Абу Али ибн Сино Бобур Бекмуродов Матлубахон Сатториён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг