Видеога олиш мумкин-у, обрўсизлантириш мумкинмас

Таҳлил

Кўп нарса раҳбарга боғлиқ. Агар сиз Ички ишлар вазирлиги, умуман, шу тизим ходими бўлганингизда иш жараёнида кимдир сизни видеога олса ва сиз ўша одам мени обрўсизлантиришга уринди, десангиз бечора видеога олган одам ҳали тергов, ҳали суд деб анча югурарди. Агар сиз ўқитувчи ёки шифокор бўлсангиз, кимдир ҳақиқатдан ҳам сизни обрўсизлантиришга уринса, қонунда бор жавобгарликка тортилади, катта эҳтимол билан. Ички ишлар ходимларини иш вақтида фото ва видеога олиб интернетда эълон қилганларни 15 суткага қамаш таклиф қилингани йодингизда бўлса керак. Депутатлар тасдиқлаган ва Сенатга киритилган қонун лойиҳасидаги битта модда жамоатчиликнинг кескин норозилигига сабаб бўлганди. Бу ўзгариш узоқ вақт давомида кўриб чиқилди ва бир қарорга келинди. Хўш, кўплаб эътирозларга сабаб бўлган модда олиб ташландими ё қолди. Бугун шу ҳақда батафсил гаплашамиз.

Келинг, бир бошидан кўриб чиқсак. Бундан икки йил аввал, 2023 йилда Ички ишлар вазирлиги “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал кодекси ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги Қонунни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритганди. Бу ўзгартишдаги 195-2-моддада ички ишлар органлари ходимларини хизмат вазифасини бажариши вақтида фото ва видеога олиб, уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида интернетга жойлаштириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 18 млн 750 сўм жарима солишга ёки 15 суткагача қамоққа олишга сабаб бўлиши кўрсатилган эди.

Бу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилганиданоқ кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Жумладан, парламент қуйи палатасида депутатлар Дониёр Ғаниев ва Умиджон Жабборовлар қонун лойиҳасига қарши эканини айтиб чиққанди.

“Бу охирги йилларда муҳтарам Президентимиз олиб бораётган очиқлик-шаффофлик, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак, жамоатчилик назорати бўлиши керак, деган эзгу сиёсатга зид, деб ҳисоблайман. Қолаверса, бу “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунларимизга ҳам тўғридан-тўғри зид. Конституциямизда ҳам ахборот эркинлиги бор. Ана шуларни инобатга олиш керак. 
Энг хавотирлиси шуки, бу норма эртага амалиётга кирадиган бўлса, баъзи ўз мансабини суиистеъмол қилувчи, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини камситувчи ходимлар ҳам йўқ эмас, улар эртага мана шу нормани суиистеъмол қилиб, бундан бошқа мақсадларда – фуқаролар ҳуқуқларини бузиш, уларга нисбатан қўпол муомалада бўлиш учун ишлатишлари хавфи йўқ эмас. Биз бу ходимларнинг руҳиятини яхшилайди, деб ўйлаётгандирмиз. Йўқ! Бу акс натижа беради. Бугун биз Ички ишлар органлари ходимларини фуқароларнинг ҳақиқий суянчи, дўсти, унинг ҳимоячиси бўлган институтга айланишини хоҳлаймиз. Бу каби нормалар эса, ички ишлар органларига нисбатан ҳурмат ўрнини қўрқув, ишонч ўрнини шубҳа, севги ўрнини нафрат эгаллашига хизмат қилади. Шунинг учун бу нормада биз жуда ҳушёр бўлишимиз керак. Депутатларимиздан ҳам илтимос қилардимки, овоз бераётганда мана шу норманинг моҳиятини англаб етган ҳолда муносабат билдиринг”, дейди депутат Дониёр Ғаниев. 

“Қонуннинг концептуал муҳокамасида ҳам бу моддага мутлақо қарши эдим. Кеча ҳам муҳокамалар ўтди. Бугун ҳам модда устида яна ўйлаб кўрдим. Лекин битта савол бор: ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар дейилганда беш-олтита структура борлигини биламиз. Қонуннинг номига эътибор берадиган бўлсак, йўл ҳаракати тизимини такомиллаштириш ҳақида гап кетяпти. Мантиқан, модданинг йўналиши буни қамраб олмаяпти. Гап бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳақида... Модданинг ичида йўл ҳаракати деган иборанинг ўзи йўқ. Майли, биз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ичида йўл ҳаракатини тартибга солувчи қисм борлигини инобатга оламиз. Лекин савол туғиладики, талқинда бошқача тушунча бор “хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган фото ва видеотасвирларни уларни обрўсизлантириш ёки ҳақорат қилиш мақсадида”. 

Бу мақсадни қандай белгилаш мумкин? Тасвирга олаётган шахс судда ҳам “мен яхши мақсадда олаётган эдим”, дейиши мумкин.

Иккинчидан, умуман олганда, Президентимизнинг фармони бор (“2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги), жамоат хавфсизлиги концепцияси тасдиқланган. Айнан концепцияда шу масала борки, бу эса унинг ижроси ҳам бўлиб қолади. Унда ҳам худди шу масала қўйилган, лекин унда “ҳақоратлаш” деган масала йўқ, “обрўсизлантириш” турибди. Шундан келиб чиқиб, “ҳақорат қилиш” қисмини чиқариб ташлашни таклиф қиламан”, дейди депутат Умиджон Жабборов.

Йиғилишдаги бир нечта депутатлар кодексга бу модданинг қўшилишига қарши чиқишига қарамай, лойиҳа тасдиқланиб, Олий Мажлис Сенатига юборилган. Сенат ялпи мажлисидан аввал, 2024 йилнинг январь ойида бўлиб ўтган йиғилишда муҳокама қилинган мазкур ўзгартиш Ички ишлар тизимидан чиққан сенатор, Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов томонидан ҳимоя қилинган ва ўзгартишдаги айнан 195-2-модда ёқланган.

“Масалан, Буюк Британияда кўчаларда ёки биноларида хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларини уларнинг розилигисиз суратга олишни тақиқловчи норма мамлакат парламенти томонидан 2000 йилда тасдиқланган. Мазкур нормага кўра, хизмат вазифаларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимини унинг розилигисиз камера, видеокамера ёки мобил телефон орқали тасвирга олган ёки тасвирга олишга уринган шахс ҳибсга олиниши ва кейинчалик 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин”. 
“Германияда полиция ходимларини суратга олиш тақиқланган эмас, бироқ ушбу фотосуратлар ёки видеоларни ижтимоий тармоқлар ва Интернетга жойлаштириш тақиқланган”. 

“Францияда бир ва бошқа операциялар давомида полиция ходимлари ёки жандармларнинг шахсини идентификация қилишга ёрдам берадиган тасвирларни тарқатиш бир йиллик қамоқ ва 45 минг евро жарима билан жазоланади”, дейди у.. 

Сенатнинг 2024 йилдаги Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Фарҳод Боқиев ушбу масала муҳокамасига киришар экан, у амалдаги қонунларда, жумладан, Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ҳам ушбу қоидабузарликлар учун аллақачон жазолар белгиланганини эслатган.

“Конституциянинг муқаддима қисмида ҳам инсон, унинг ҳаёти, шаъни, қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланади, яъни инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасидаги масъулиятни англаймиз, деган жой бор. 195-2-моддада айнан шу масала, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-2-моддасида ёлғон ахборот тарқатиш алоҳида белгилаб қўйилган. Жиноят кодексининг  244-6-моддасида ёлғон ахборот тарқатиш – ҳаммаси кўрсатиб ўтилган. Агар вазирликда таҳлил қилинган бўлса, шундай ички ишлар ходимларининг обрўсизланишига олиб келган нечта видео ижтимоий тармоққа тарқатилган ва бунинг нечтасида фуқаро ҳақ бўлиб чиққан нечтасида ИИО ходимлари ҳақ бўлиб чиққан?”, дейди Боқиев.

Мажлисда ушбу модда билан жазо фуқарога фақатгина материални йўл ҳаракати ходимини обрўсизлантириш мақсадида тарқатган тақдирдагина қўлланиши бот-бот такрорланган. Аммо бу ҳолатда “обрўсизлантириш” қандай меъёрлар асосида амалга оширилиши ҳақида журналистнинг берган саволига шундай жавоб қайтарилган: 

“Прокуратура органларининг буларга чора кўриш бўйича 100 фоиз ваколати бор. Прокуратура органлари бунга қонуний баҳо беради”, деган Бурҳонов.

Ўшанда, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Сенатдаги йиғилиш мазмуни кўпроқ қонунни ҳимоя қилиш, унинг тўғрилигини таъкидлаш ва журналист, блогерларга дакки бериш учун ташкил қилингандай туюлганини қайд этган.

“Савол берган журналист ва блогер борки, деярли барчаси Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раисидан дакки эшитиб олди. Саволларга ҳам аниқ далиллар ва фактлар билан батафсил жавоб қайтарилмади, узуқ-юлуқ гаплар айтиш билан чекланилди. Айрим саволлар бутунлай жавобсиз қолди. “Сиз тушунмайсиз, сиз билмайсиз, сиз нималар деяпсиз ўзи, сиз унақа деманг, сиз бунақа деманг, бунақа дейишга ҳаққингиз йўқ” деган гаплар айтилди”, деганди ҳуқуқшунос.

Ўшанда қаҳрамонларча минбарга чиққан юридик фанлари доктори Бахтиёр Муродов қонунга норозилик билдираётганларни унинг матни билан танишиб ҳам чиқмаганликда айблаган.

Аммо Хушнудбек Худойбердиев ушбу фикрларга кескин қарши чиққан ва на қонун лойиҳаси, на унинг Сенатга тақдим этилган матни оммага эълон қилинмаганини эслатган. 

“Кечирасизлар-ку, қонун лойиҳаси ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Қонунчилик палатаси қабул қилган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, Сенат кўриб чиқаётган қонуннинг матни ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлса, осмондан олиб фикр билдирамизми? Қонуннинг матни қаерда тўлиқ эълон қилиндики, кейин биз уни кўриб, лекин ўқимадик? Қаерда эълон қилинди? Бу қонун ҳеч қаерда эълон қилингани йўқ-ку! Биз фақатгина Қонунчилик палатаси, Сенатнинг хабарларида кетган саноқли гапларни ўқиб, ўзимизнинг муносабатимизни билдиряпмиз”, дейди у.

Бир фуқаро жиноят содир этса, унга жавобгарлик бор. Агар ички ишлар ходимларининг қонуний талабини бажармасак, унга ҳам жавоб берамиз. Умуман, нима учун масалага фақатгина ички ишлар органлари томонидан қараляпти? Шифокорлар ҳам хизмат вазифасини адо этаётганда турли “шантаж”-у бўҳтонларга учрайди, ҳатто мушт ҳам ейди. Уларнинг обрўйини ким ҳимоя қилади? Ўзи бир ходимни обрўсизлантиришни аниқ белгилари борми? Буни одамлар биладими?

Мисол учун Самарқанд шаҳрида жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тунги хизматга жалб қилинган Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ профилактика инспектори фуқаролар жанжал қилаётганлигини кўриб, уларни 6-сон ИИБга олиб борган. Уларнинг содир этган қилмишини расмийлаштириши давомида, профилактика инспектори  ва ушбу шахслар ўртасида келишмовчилик юзага келган. Ходим эркак ва болали аёлга қўл кўтарган. Ҳолатни эса фуқаролар видеога олган. Ходимнинг бу хатти-ҳаракати ноқонуний деб топилган ва у ишдан олинган. Катта эҳтимол билан аёл томондан тасвирга олинган ҳолат тергов органи ва суд томонидан ўрганилган ва видео исбот сифатида фойдаланилган. Ўзингиз ўйланг, агар ҳолат тасвирга олинмаганда фуқаролар ИИО ходимининг бундай хатти-ҳаракатларини нима билан исботларди?

2024 йилнинг 16 августда юқоридаги қонун Олий Мажлис Сенатида кўриб чиқилди. Бу сафар қонун Сенатдан ўтмади. Ўшанда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров қонунни ўрганишда бир эмас, бир нечта нормалардаги бўшлиқлар кўзга ташлангани, уларни янада мукаммаллаштириш, бошқа ҳужжатлар билан солиштириш, бўшлиқларни тўлдириш мақсадида қайта кўриш учун ортга қайтарилганини маълум қилганди.

“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда бир нечта ўзгартишлар бор. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган 192-2-модданинг таҳририда ҳам бир қатор масалалар бор. Ушбу модда ҳам қайта ишланиши зарур. Қонуннинг бу каби ижобий жиҳатларига қарамасдан, қўмитамиз томонидан сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатлари билан маслаҳатлашган ҳолда қонунни қайта ишлаш керак, деган хулосага келдик. Чунки қонундаги айрим нормаларнинг мавжуд реал воқелик, амалдаги қонун ҳужжатларига нечоғлик мос келиши ва бошқа ҳолатларга етарлича эътибор қаратиши лозим. Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузишни ва Қонунни қайта кўриб чиқишни таклиф қиламан”, дейди сенатор Толибжон Мадумаров.   

“Бугунги кунда киритилаётган бу нормаларнинг реал воқеликка боғлиқлик ҳолати қандай? Биз айнан шу томонларни ҳам ўргандик. Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик талабларига мос келадими, деган саволлар ҳам кўрилди. Депутатлар маъқуллаган қонунга ўз фикрларимизни билдириб, қайта кўриб чиқиш керак деган қарорга келдик”. 

“Маъмурий кодексга киритилаётган 195-2-моддани жуда мукаммал ўргандик. Ички ишлар ходимлари, жамоатчилик ва бошқалар билан ҳам фикр алмашдик. Бу нормани мукаммал таҳрир қилиш масаласида тўхтадик. Ўрганиш давомида тўғри келмаган нормалар олиб ташланади. Бизнинг мақсадимиз қонун бекор бўлмаслиги. Комиссия тузиш орқали нормалар бошидан ўрганилади ва бир қарорга келинади”, дейди сенатор. 

Орадан роппа-роса бир йил ўтиб, 2025 йилнинг 24 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Буни қарангки, мазкур қонунда фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди.

Бу нима деганини аниқроқ тушунтиринг, шунда нима ўзгарди дейсизми? Қувонишга ҳали шошилмай туринг, буёғини эшитинг. Қутбиддин Бурхоновга  кўра, қонун фақат ва фақатгина ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмасликни, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва ҳолатни бузмасликни, монтаж қилмасликни талаб этмоқда. 

“Шу ўринда ушбу таҳрирда айнан “бузиб тарқатмаслик” тушунчасидан фойдаланилганлиги ҳам бежиз эмас. Маълумотни бузиб кўрсатган ҳолда тарқатиш (тақдим этиш) учун жавобгарлик белгиланиши қонунчилигимиз учун янги амалиёт ҳисобланмайди. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 6 та, Жиноят кодексида 4 та моддада турли хил маълумотларни бузиб кўрсатган ҳолда тақдим этиш (тарқатиш) учун жавобгарлик белгиланган. Шундай экан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида судлар бу масалада муаммога дуч келишмайди. Бу борада суиистеъмолчиликларга йўл қўймайдиган барқарор суд амалиёти шаклланган”, дейди сенатор.

Сенаторнинг айтишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 195-2-моддаси тўлиқ қайта ишланган. Мазкур модда санкциясида белгиланган жарима миқдорлари ҳам қайтадан кўриб чиқилган. Жумладан, қатъий белгиланган БҲМнинг 50 баробари миқдоридаги жарима 20 баравардан 50 бараваргача этиб, қатъий белгиланган 15 сутка муддатга маъмурий қамоққа олиш 10 суткагача қисқартирилмоқда, яъни ҳолатдан келиб чиқиб, судья ундан ҳам камроқ муддат белгилаши мумкин. Хуллас, “юқори”дагилар отдан тушса ҳам эгардан тушмаган ҳолда бу қонуннинг қайсидир қисмларини сақлаб қолган.

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши, гўёки йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади. Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.

Юқоридаги берганимиз саволни яна қайтарамиз: ИИО ходимини обрўсизлантиришга нималар киради? Бу бўйича қандайдир ҳужжат ишлаб чиқилганми, одамлар олаётган видеоси, тармоққа жойлаётган суратларидаги қайси ҳолатлар ходимларни обрўсизлантириш деб баҳоланишини билишадими? масалан сиз биласизми? Йўқ. Чунки бу масала очиқ қолган ва ҳеч ким мана шу ҳаракатни обрўсизлантириш деб тушунтириш бермаган. (!)

Ички ишлар ходимларини фото ва видеога олиб, обрўсизлантириш мақсадида тармоққа жойлаш учун жавобгарлик белгиланган экан, бу доимий “дежурний” моддалардан бўлиб қолмаслиги керак. Обрўсизлантиришнинг аниқ қоидалари ишлаб чиқилиши ва фуқароларга тушунтирилиши зарур.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун депутат ИИО сенат фото ва видео

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг