ИИО ходимларини фото ва видеога олиб, тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди
Жамият
−
12:55
3227Бугун, 24 январь куни Олий Мажлис Сенатнинг учинчи ялпи мажлисида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Мазкур қонунда фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Бу ҳақда Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси, сенатор Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди.
Маълумки, мазкур қонун 2024 йил 16 август куни Сенатнинг 55-ялпи мажлисида муҳокама қилинган ва қайта кўриш учун Қонунчилик палатасига юборилганди. Бунга асосий сабаб Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ички ишлар ходимларини иш вақтида фото ва видеога олиб, интернетда эълон қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилашни назарда тутадиган 192-2-моддасини киритиш таклифи жамоатчиликнинг танқидига сабаб бўлгани эди.
Сенаторлар томонидан маъқулланган бу галги қонун лойиҳасида эса Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган янги 1952-моддаси ҳам тўлиқ қайта ишланган.
"Авваламбор, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини фото, видео тасвирга тушириш ва тасвирларни тарқатиш ҳуқуқи сақлаб қолинди. Келишув комиссиясида фуқароларнинг ушбу ҳуқуқи чекланмаслиги кераклиги ҳақида якдил хулосага келинди. Яъни, фуқаролар орган ходимларининг хатти-ҳаракатини бемалол тасвирга тушириши ҳам, ижтимоий тармоқларга жойлаштириши ҳам мумкин. Бошқача айтганда, орган ходимлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тўлиқ сақланиб қолмоқда. Олдинги таҳрирдан фарқли равишда, бор нарсани ижтимоий тармоққа қўйганлик учун жавобгарлик белгиланмаяпти", деди Бурҳонов.
Унинг айтишича, қонун фақат ва фақатгина ходимларнинг тасвирини уларни обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатмасликни, яъни ходимнинг ҳаракатлари, сўзлари ва ҳолатни бузмасликни, монтаж қилмасликни талаб этмоқда.
"Шу ўринда ушбу таҳрирда айнан “бузиб тарқатмаслик” тушунчасидан фойдаланилганлиги ҳам бежиз эмас. Маълумотни бузиб кўрсатган ҳолда тарқатиш (тақдим этиш) учун жавобгарлик белгиланиши қонунчилигимиз учун янги амалиёт ҳисобланмайди. Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда 6 та, Жиноят кодексида 4 та моддада турли хил маълумотларни бузиб кўрсатган ҳолда тақдим этиш (тарқатиш) учун жавобгарлик белгиланган. Шундай экан, ҳуқуқни қўллаш амалиётида судлар бу масалада муаммога дуч келишмайди. Бу борада суиистеъмолчиликларга йўл қўймайдиган барқарор суд амалиёти шаклланган", деди сенатор.
LiveБарчаси