ИИО ходимлари кутган қонун Сенатдан ўтмади
Таҳлил
−
16 Август
7066Ички ишлар ходимларини иш вақтида фото ва видеога олиб интернетда эълон қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгилаш таклиф қилингани ёдингизда бўлса керак. Бу ўзгариш жамоатчилик эътирозига сабаб бўлганига қарамай, депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, ўтган йилнинг ноябрь ойида Сенатга юборилган эди. Орадан ярим йилдан ортиқ вақт ўтиб, бир неча ўзгартиришларни ўзида жамлаган қонун сенаторлар томонидан қайта кўриш учун Қонунчилик палатасига юборилди.
“Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунда бир нечта ўзгартишлар бор. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган 192-2-моддани таҳририда ҳам бир қатор масалалар бор. Ушбу модда ҳам қайта ишланиши зарур. Қонуннинг бу каби ижобий жиҳатларига қарамасдан, қўмитамиз томонидан сенаторлар ва Қонунчилик палатаси депутатлари билан маслаҳатлашган ҳолда қонунни қайта ишлаш керак, деган хулосага келдик. Чунки Қонундаги айрим нормаларнинг мавжуд реал воқелик, амалдаги қонун ҳужжатларига нечоғлик мос келиши ва бошқа ҳолатларга етарлича эътибор қаратиши лозим. Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат келишув комиссиясини тузишни ва Қонунни қайта кўриб чиқишни таклиф қиламан”, дейди сенатор Толибжон Мадумаров.
Сенаторга кўра, қонунни ўрганишда бир эмас, бир нечта нормалардаги бўшлиқлар кўзга ташланган. Уларни янада мукаммаллаштириш, бошқа ҳужжатлар билан солиштириш, бўшлиқларни тўлдириш мақсадида қайта кўриш учун ортга қайтарилган.
“Бугунги кунда киритилаётган бу нормаларнинг реал воқеликка боғлиқлик ҳолати қандай?. Биз айнан шу томонларини ҳам ўргандик. Бундан ташқари, амалдаги қонунчилик талабларига мос келадими, деган саволлар ҳам кўрилди. Депутатлар маъқуллаган Қонунга ўз фикрларимизни билдириб, қайта кўриб чиқиш керак деган қарорга келдик”.
Толибжон Мадумаровнинг айтишича, бу ҳужжатнинг ортга қайтиши бу норма олиб ташланади, дегани эмас, ҳар бир ўзгартиш яна қайта ўрганилади, текширилади ва якуний қарорга келинади. Агар айнан ИИО ходимларини фото ва видеога олиб, уни тарқатиш учун жавобгарлик белгилаш ҳақидаги норма бошқа ҳужжатлар билан ёки бугунги кундаги реал ҳолатларга тўғри келмаса, олиб ташланади.
“Маъмурий кодексга киритилаётган 195-2-моддасини жуда мукаммал ўргандик. Ички ишлар ходимлари, жамоатчилик ва бошқалар билан ҳам фикр алмашдик. Бу нормани мукаммал таҳрир қилиш масаласида тўхтадик. Ўрганиш давомида тўғри келмаган нормалар олиб ташланади. Бизнинг мақсадимиз қонун бекор бўлмаслиги. Комиссия тузиш орқали нормалар бошидан ўрганилади ва бир қарорга келинади”, дейди сенатор.
Толибжон Мадумаровнинг айтишича, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун аслида жуда муҳим.
2023 йилда фақатгина фото, видео ёрдамида қарийб 13 млн га яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги аниқланган. Уларнинг 3 млн 351 таси битта транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан тўрт марта содир этилган. Энг ачинарлиси, улардан 18 мингтаси бир ҳайдовчи томонидан 100 тадан ортиқ содир этилган қоидабузарликлардир. Сенаторга кўра, Қонун билан киритилаётган айрим ўзгаришлар ҳайдовчиларнинг сергак тортишига ёрдам беради.
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь