Қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинмоқда – Танзила Норбоева (видео)
Жамият
−
14:57
2399Қадоқларда йодланган ош тузи сифатида сотилаётган баъзи маҳсулотларнинг аслида ёдланмаган техник туз бўлган ҳолатлар бор. Бу ҳақда бугун, 23 январь куни Олий Мажлиси Сенатининг учинчи ялпи мажлисида Сенат Раиси Танзила Норбоева маълум қилди.
“Эътибор қилинг, ўтган йилнинг тўққиз ойи натижасига кўра, биргина ош тузи бўйича ўтказилган 263 та намунадан 65 таси, яъни чорак қисмида, савдо ва умумий овқатланиш жойлари ҳамда мактаб ва боғчалардан олинган намуналарнинг ўрта ҳисобда ҳар учтадан биттаси йод миқдори белгиланган талабига жавоб бермаслиги аниқланган. Қадоқларда йодланган ош тузи деб, ёдланмаган техник туз солинаётган ҳолатлари ҳам бор. Қўмиталаримиз мазкур долзарб масалага эътибор қаратганлари ва мутасадди тузилмаларга зарур вазифа ва кўрсатмалар берганликлари, албатта, яхши”, дейди Норбоева.
Унинг айтишича, йод танқислиги кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Ўзбекистон учун ҳам ўта долзарб ҳисобланади. Табиий-иқлим шароити мазкур масалага тизимли ёндашиб, мунтазам чора-тадбирлар кўриб боришни тақозо этади. Бироқ, таҳлиллар ушбу йўналишда эътиборни кучайтириш зарур бўлган жиҳатлар борлигини кўрсатмоқда.
Ялпи мажлисда “Озиқ-овқат хавфсизлиги тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди. Мазкур Қонуннинг мақсади озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун нормалари аҳолининг озиқлик қимматига эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари билан хавфсиз овқатланишини таъминлашга, самарали бозор механизмларини шакллантириш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқаришга нисбатан татбиқ этилади.
Қонунда озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланган. Хусусан, озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишнинг минимал нормаларига мувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсининг айланма захирасини шакллантириш ҳамда аҳолини ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан етарли миқдорда ва узлуксиз таъминлаш имкониятларини кенгайтириш шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, давлат озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган санитария, ветеринария, ветеринария-санитария, фитосанитария қоидалари ва нормаларига мувофиқ ишлаб чиқарилишини рағбатлантиради. Ташқи иқтисодий фаолиятни фаоллаштириш, шунингдек ижтимоий аҳамиятга молик асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларининг экспорти ва импорти ўртасидаги мақбул мувозанатни сақлаш ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги давлат сиёсатининг йўналишларидан бири ҳисобланади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ваколатли давлат органи сифатида белгиланмоқда. Унга республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва хомашёсини ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлаш, озиқ-овқат хавфсизлигига салбий таъсир этувчи омилларни ўрганиш асосида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва ривожлантиришга доир қисқа, ўрта ҳамда узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш каби бир қатор ваколатлар берилмоқда.
Шунингдек, қонунда озиқ-овқат маҳсулотлари танқислигига йўл қўймаслик бўйича давлат томонидан қандай чоралар кўрилиши, озиқ-овқат балансини шакллантириш, истеъмолчиларнинг ва хўжалик юритувчи субъектларнинг озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.
LiveБарчаси