Танзила Норбоева Туркияга борди
Жамият
−
24 Апрель
4940Бугун, 24 апрель куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева Туркия пойтахти Анқарага борди. У ташриф доирасида Туркия Буюк Миллат Мажлиси раиси Нуман Куртулмуш билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, суҳбат чоғида икки давлат раҳбарларининг мустаҳкам сиёсий иродаси ва дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон-Туркия алоқалари ҳар томонлама стратегик шериклик даражасига кўтарилгани таъкидланган. Парламентлар давлатлараро ҳамкорликни чуқурлаштиришда тобора фаол иштирок этаётгани қайд этилган. Олий даражада эришилган келишувлар ижроси устидан парламент назорати муҳимлиги, шунингдек, тегишли қўмиталар ва дўстлик гуруҳлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилган.
“Маданий-гуманитар алоқалар, айниқса, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ёшлар ва ҳудудлараро тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди. Туркий тилли мамлакатлар парламентлари ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги алоқаларни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, учрашув якунида парламентлар ўртасидаги ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси билан Туркия Буюк Миллат Мажлиси ўртасида ҳамкорлик баённомаси имзоланган.
“Ушбу ҳужжат Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўзаро тажриба алмашиши, қонунчилик жараёнида яқиндан ҳамкорлик қилиши назарда тутилган бўлиб, шу тариқа умумий манфаатларга хизмат қилувчи соҳаларда – сиёсат, иқтисодиёт, маданият, таълим, ёшлар ва спорт йўналишларида янада фаол ва тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бу нафақат икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, балки бутун минтақада барқарорлик ва тараққиётга хизмат қилувчи муҳим дипломатик қадамдир”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, шу куннинг ўзида делегация аъзолари Ўзбекистон тарихи, маданияти ва замонавий тараққиётига бағишланган китоблар ва нашрлар тақдим этилган парламент кутубхонаси фаолияти билан ҳам танишган. Танзила Норбоева Туркия Буюк Миллат Мажлиси Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдириб, икки томонлама парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Танзила Нарбоева Туркия Республикасининг биринчи Президенти Мустафо Камол Отатурк ҳоки қўйилган Аниткабир ёдгорлик мажмуасига ҳам борган. У Мустафо Камол Отатурк қабрига гул қўйиб, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди ҳамда Фахрий меҳмонлар китобида ёзув қолдирди.
LiveБарчаси