Сенат 2025 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Жамият

image

Бугун, 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенати “2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Сенатнинг иккинчи ялпи мажлисида 2025 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳа хизматлари сифатини янада ошириш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ва атроф муҳитни муҳофаза қилишга қаратилгани айтилди. Унга кўра, 2025 йилда иқтисодий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.

“Хусусан, Қонунда ўрта муддатда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик вазифасидан келиб чиқиб, 2025 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 431,0 трлн сўм, харажатлар эса 480,5 трлн сўм миқдорида шакллантирилган”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Давлат бюджети даромадлари 308,5 трлн сўмни, харажатлари эса 344,8 трлн сўмни ташкил этмоқда. Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари ва харажатлари (бюджетлараро трансфертлар ҳисобга олинмаган ҳолда) тегишинча 66,4 трлн сўм ва 62,8 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда.

“Қонунда кейинги йилда ҳам харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолинган бўлиб, Давлат бюджети харажатларининг 52 фоизи ёки 177,7 трлн сўми ижтимоий соҳага йўналтирилмоқда”, дейилади хабарда.

Шунингдек, қонунда 2025 йил учун Давлат бюджети харажатларида экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш тадбирлари учун 3,6 трлн сўм кўзда тутилган. Соғлиқни сақлаш соҳасига эса 41,3 трлн сўмни ёки 2024 йилги кутилаётган ижрога нисбатан 19,8 фоизга ошган ҳолда ажратиш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида 2025 йилда ҳудудлардаги долзарб ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш, маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда давлат аҳамиятига молик тадбирларни амалга ошириш бўйича белгиланган тадбирлар учун ҳам маблағ ажратиш кўзда тутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Давлат бюджети

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг