Одамлар ўз овози эвазига депутатлардан нима сўрайди?
Жамият
−
27 Октябрь
4407Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистонда Парламент сайлови ўтказиляпти. Сайлов участкаларида эса эрта тонгдан овоз бериш жараёнлари бошланган. Хўш, ушбу муҳим сиёсий жараёнда иштирок этаётган ўзбекистонликлар ўз овози эвазига депутатлардан нима сўрайди? QALAMPIR.UZ мана шу савол билан Тошкент шаҳрининг энг чекка ҳудудларидан бири, Бектемир тумани, 809 сайлов участкасига келган сайловчиларга юзланди.
“Мен ўз овозим эвазига депутатлардан болалар боғчаси сўраган бўлардим. Янги поликлиника қурилса яхши бўларди. Мисол учун болалар майдончаси ҳам керак”, деди сайловга овоз бериш учун келган аёллардан бири.
Яна бир сайловчи эса Экологик партияга овоз берганини очиқлади. У ўз танловини изоҳлар экан, Тошкент аҳолиси учун энг катта муаммо бу экология эканини маълум қилди.
“Ҳозир табиатнинг ҳавоси жуда ҳам ёмон. Биз яшайдиган ҳудудда завод ва фабрикалар кўп, шунга экологияни яхшилаш керак, деб ўйлайман. Бунинг учун яшил майдонларни, дарахтларни ҳам кўпайтириш керак. Ҳозир Тошкентда ҳаво яхшимаслиги сабаб ҳамма касал”, деди сайловчи.
“Бектемирда муаммолар бор. Биз яқиндагина Тошкент шаҳрига қўшилганмиз. Бир йил бўлиб қолди. Энди электр тизими ҳам шаҳарникига уланиши керак. Сабаби тез-тез ўчиб туради. Шунингдек, канализация тизимини яхшилаш керак”, деди сайловчи эркаклардан бири.
Умумий қилиб айтганда, бектемирликлар ўз овози эвазига кичик нарсалар – боғча, мактаб, мактаб ҳожатхонаси, ариқ, канализация ва электр энергияси сўрамоқда. Уларнинг бу кичик талаблари депутатлар томонидан қондириладими, буни вақт кўрсатади.
Маълумот учун, мазкур Парламент сайловида 5 та сиёсий партия – ЎзЛиДеП, “Халқ” демократик партияси, “Миллий Тикланиш” демократик партияси, “Адолат” социал-демократик партияси ва Экологик партиялардан номзодлар иштирок этмоқда. Улар охирги марта 2019 йилда Парламент сайловларида кураш олиб борган эди.
LiveБарчаси