Ўзбекистон аэропортларида маймунчечакнинг олдини олиш учун қандай чоралар кўриляпти?
Жамият
−
20 Август
3437Ўзбекистон аэропортларида чет элдан маймунчечак кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон бош давлат санитария врачининг маймунчечак кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга доир кўрсатмасига асосан мамлакат аэропортларида қатор санитария-тарғибот тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Жумладан, фуқаро авиацияси объектларининг Санитария-эпидемиология осойишталиги маркази билан биргаликда 20-21 август кунлари аэропортлар тиббиёт ходимлари учун маймунчечак касаллигининг этиологияси, клиник кўриниши, эпидемиологияси, диагностикаси ва олдини олиш бўйича семинарлар ўтказилади.
Шунингдек, республиканинг барча халқаро аэропортларида маймунчечак касаллигининг олдини олишга қаратилган санитария-тарғибот ишлари кучайтирилган.
“Аэропорт ходимларига ушбу касаллик ҳақида соддалаштирилган шаклда маълумот берилади ва баъзи аломатлар визуал тарзда қандай намоён бўлиши тушунтирилади. Бундан ташқари, санитария-карантин хизмати томонидан аэропортларда ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни масофадан туриб аниқлайдиган тепловизорлар ўрнатилади”, дейилган хабарда.
Компаниянинг Тиббий таъминотни ривожлантириш департаменти ЖССТ маълумотларига таяниб таъкидлашича, касалликнинг янги штамми асосан Ўзбекистон билан тўғридан-тўғри рейслари бўлмаган Африка мамлакатларида тарқалмоқда.
Олдинроқ Санитария-эпидемиология қўмитаси бошқарма бошлиғи Ўзбекистонда маймунчечак вирусига қарши қандай чоралар кўрилаётганига изоҳ берганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Швеция ҳукумати мамлакатда маймунчечак касаллиги (М-pох) қайд этилганини маълум қилганди. 2023 йил охирида янги эпидемия бошланганидан бери бу вирус Африкадан ташқарида биринчи марта айнан ушбу мамлакатда аниқланган. Расмийларнинг тушунтиришича, бемор касалликни Африкага сафари пайтида юқтирган. Шунингдек, Покистонда ҳам ушбу вирус билан касалланганлар аниқланди. ЖССТ эса маймунчечак вируси сабабли глобал фавқулодда ҳолат эълон қилди. Ташкилотнинг билдиришича, маймунчечак (М-pох) янги ёки эски штамми бўлишидан қатъи назар, янги COVID эмас. Бундан ташқари, Филиппинда ҳам ушбу вирус аниқланган.