“Uzbekistan Airways” сенаторнинг бюрократия ҳақидаги айбловларига жавоб қайтарди
Жамият
−
04 Октябрь 2023
6111Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 29 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида фуқароларнинг эътирози ва коррупцияга сабаб бўлаётган “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ муаммолар кўтарилиб, танқид қилинганди. “Uzbekistan Airways” АЖ вазиятга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, фуқароларнинг эътирозига олиб келаёган масала, яъни чипта харид қилаётганда йўловчи паспортининг асл нусхаси талаб қилинишининг алоҳида сабаблари бор. Бу фуқаро виза режими ўрнатилган мамлакатга отланаётганида унинг ушбу давлат визасига эга ёки эга эмаслига билан боғлиқ.
“Uzbekistan Airways” АЖ БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2178-сонли (2014 йилдан) Резолуциясининг 9-банди талабларига мувофиқ, API тизими орқали белгиланган манзилларга борадиган йўловчиларнинг асосий маълумотларини узатиш бўйича БМТнинг махсус тузилмалари қарорига амал қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси ҳамда авиакомпаниянинг қатновлари бажариладиган мамлакатларнинг ҳуқуқий майдонига мувофиқ фаолият юритмоқда. Ушбу халқаро регламентга асосланиб, йўловчиларнинг белгиланган маълумотлари авиачипталарни сотишда брон қилиш тизимига киритилиши керак. Шу муносабат билан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун виза режими жорий этилган узоқ хориж мамлакатларига авиачипталарни сотишда йўловчига ҳамда авиакомпанияга жарима санкциялари қўлланмаслиги учун “Uzbekistan Airways Sales” филиали авиакассаларида ва авиакомпания агентларидан белгиланган мамлакатнинг амалдаги визаси билан паспорт талаб қилинади”, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, “Uzbekistan Airways” авиакомпания рейсларига йўловчи авиаташувларини сотишни тартибга солувчи амалдаги норматив ҳужжатларда (қоидалар ва йўриқномалар) авиакассирлардан йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаси асосида авиачипталарни расмийлаштиришни талаб қилувчи бандлар йўқгини маълум қилган.
“Uzbekistan Airways Sales” филиалида ёки авиакомпания агентларида авиачипта сотуви йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи гувоҳномаларнинг асл нусхалари асосида ҳам, уларнинг фотонусхалари асосида ҳам амалга оширилади”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, чипта ва паспорт маълумотларидаги ҳар қандай ноаниқликлар ва номувофиқликлар жарималарга, ёки кириш учун асос йўқлиги сабабли йўловчини жўнаш мамлакатига қайтариб юборишга олиб келиши мумкин.
“Йўловчини қатновга рўйхатдан ўтказиш вақтида йўловчининг белгиланган маълумотлари Ўзбекистон Республикаси аэропортлари ер усти хизмат кўрсатиш хизматларининг рўйхатга олиш агентлари томонидан бевосита паспортнинг асл нусхасидан тизимга қайта киритилади”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, юзага келган саволлар ва тушунмовчиликларни инобатга олган ҳолда, “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан Ўзбекистон Республикасида ва ундан ташқарида авиачипталарни сотиш бўйича барча агентларга авиачипталарни сотиб олишда йўловчилар ёки уларнинг яқинлари томонидан йўловчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш зарурати йўқлиги тўғрисида навбатдаги эслатма юборилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётгани, хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтираётганини айтганди. Шунингдек, у Сенат томонидан 2021 йилнинг 19 март куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинганини, жорий йилнинг 23 июнь куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўлланган жавобда ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинганини билдирди.
LiveБарчаси