Сенатда “Uzbekistan Airways”да коррупцияга йўл очаётган масала муҳокама қилинди
Жамият
−
29 Сентябрь 2023
7192“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам фуқаролар эътирозига, ҳам коррупцияга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда бугун, 29 сентябрь куни Сенатнинг ялпи мажлисида сўз очилди.
Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Қўмитага келиб тушган мурожаат асосида “Uzbekistan Airways” АЖга қарашли авиакассалар фаолияти билан боғлиқ айрим муаммолар сабаблари дастлабки тарзда ўрганилганлигини айтиб ўтди.
Унга кўра, авиачипта сотишда эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Хусусан, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг 2015 йил 25 октябрдаги 75-сон буйруғи билан тасдиқланган Йўриқноманинг эскиргани, ундаги тегишли нормаларнинг такомиллаштирилмагани фуқаролар учун ўринсиз, мантиқсиз тўсиқларни юзага келтирмоқда.
Мазкур Йўриқноманинг тегишли бандига мувофиқ, агар фуқаролар “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлишса, улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинади. Паспортнинг асл нусхасини тақдим этмаган фуқароларга эса авиачипта сотилмайди.
“Оқибатда бу ҳолат, айниқса, яқинлари бошқа вилоятларда яшаётганлар учун қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда ва шу боис, йўловчиларнинг ҳақли эътирозлари кундан-кунга кўпаймоқда”, дейди Бурхонов.
Қайд этиш жоизки, “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятининг сайти орқали онлайн тарзда фуқаролик паспортининг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган ҳолда авиачиптани қонуний асосларда сотиб олиш имконияти мавжуд.
“Табиий савол туғилади: агар шундай имконият бўлса, нима учун “Uzbekistan Airways”га қарашли кассалардан ўз яқинлари учун авиачипта сотиб олмоқчи бўлган шахслардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб қилинмоқда? Нима учун юқорида қайд этилган Йўриқномага паспортнинг серия рақами ва амал қилиш муддатларини кўрсатган (паспорт нусхаси орқали) ҳолда авиачиптани сотиб олиш мумкинлиги тўғрисидаги қоида киритилмаган? Зеро, авиакомпаниянинг веб-сайти ёки мобил иловаси орқали мустақил равишда зарур шахсий маълумотларини киритиб авиачипта сотиб олган фуқаро давлат чегарасини кесиб ўтишда Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари томонидан керакли база орқали текширилади ва маълумотлар нотўғри киритилганлиги аниқланган тақдирда, давлат чегарасини кесиб ўтишига рухсат берилмайди ва масъулият фуқаронинг ўзида қолади”, дея таъкидлайди сенатор.
Унинг айтишича, бундай ҳолатлар авиачипталар савдосидаги коррупцияга ҳам сабаб бўлмоқда, фуқароларга енгиллик бериш ўрнига фақат ташвиш ва қийинчилик келтирмоқда.
Билдирилишича, Сенат томонидан 2021 йилнинг 19 март куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамиятига юқорида қайд этилган муаммони ҳал этиш учун Йўриқномага тегишли ўзгартиришлар киритиш юзасидан мурожаат қилинган. Сўров юзасидан берилган жавобда ушбу муаммони бартараф этиш чоралари кўрилаётганлиги маълум қилинган.
“Афсуски, бундан қарийб икки йил олдин аниқланган ва сўровда кўрсатилган муаммолар ҳозир ҳам ўз ечимини топмаган. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлигига сенатор мурожаати такроран йўлланган ҳам эди”, дейди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.
Бурхоновга кўра, жорий йилнинг 23 июнь куни “Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари имзоси билан Сенатга йўлланган жавобда ҳеч бир асоссиз бу муаммони ҳал қилиш имконсиз экани маълум қилинган.
“Наҳотки, ҳам фуқаролар эътирозига, ҳам коррупцияга сабаб бўладиган, очиқ-ойдин кўриниб турган бўшлиқни бартараф этиб бўлмаса!?” дейди сенатор.
LiveБарчаси