Ўзбек санъати оғир жудоликка учради
Маданият-санъат
−
11 Июнь 2019
28570Ўзбекистон маданияти ва санъати оғир жудоликка учради. Ўзбек рақс санъати афсонаси, Ўзбекистон халқ артисти Қундуз Миркаримова 94 ёшида оламдан кўз юмди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар бермоқда.
Қундуз Миркаримова 1925 йил Тошкентда туғилган. Раққоса, балетмейстер ва педагог. Тамарахоним номидаги балет мактабида таълим олган (1937-1941), Катта театр (Москва) қошидаги хореография билим юртини тугатган (1951).
Янгийўл мусиқали драма ва комедия театрида (1943-1946), Муқимий театрида (1946-1949), Навоий театрида (1951-1953), Ўзбекистон давлат филармониясида (1953-1956) яккахон раққоса, “Баҳор” ансамблида яккахон раққоса ва педагог-репетитор (1957-1967), бадиий раҳбар (1979-1988), Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабида педагог (1964-1979 ва 1988 йилдан; 1996 йилдан профессор) сифатида фаолият юритди.
Унинг ижросидаги рақслар самимий, нафис ва жозибадорлиги, ҳаракатлари шўх ва жўшқинлиги билан ажралиб туради. Қундуз Миркаримова “Ғайратли қиз”, “Катта ўйин”, “Хоразмча рақс”, “Уйғурча рақс”, “Роҳат”, “Жонон”, “Най навоси”, “Баҳор тонги”, “Тановор”, “Занг ўйин”, “Помирча рақс”, “Дилдор”, “Гулруҳ”, “Гулноз” каби мумтоз, халқ, замонавий ва бошқа халқлар рақсларини маҳорат билан ижро этган. Шунингдек, у мақом куйларига тушган рақслари билан ҳам машҳур эди. Қундуз Миркаримова рақс сирларини Мукаррама Турғунбоева, Розия Каримова, Гавҳар Раҳимова каби буюк раққосалардан ўрганган.
Рақс санъати дарғаси узоқ ва бахтли, тарихий ва ижодий ҳодисаларга бой ҳаёт кечирди. Умри давомида у хореографиянинг беқиёс примаси, балетмейстер, афсонавий ўзбек рақсларининг ижрочиси ва саҳналаштирувчиси сифатида дунёга танилди. Хитой, Франция, Австрия, Польша, Англия, Шотландия, Бразилия каби дунёнинг ўттиздан ортиқ мамлакатларида бўлиб, ўзбек рақсларини намойиш этди. Бетакрор санъаткор ҳаёти давомида маҳоратли педагог сифатида рақс санъатида кўплаб шогирдлар етиштирди. Унинг шогирдлари орасида бугун давлатимизнинг юксак унвонларига сазовор бўлганлар кўплаб топилади.
Қундуз Миркаримова Ўзбекистон халқ артисти, Собиқ иттифоқ халқ артисти, Мукаррам Турғунбова номидаги мукофотлар совриндори саналади. 1997 йилда эса “Дўстлик” ордени билан тақдирланган.
QALAMPIR.UZ таҳририяти аъзолар номидан марҳуманинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.