26 ёшли ММА жангчиси Париждаги отишмада вафот этди

Sport

−

image

Франциялик аралаш яккакураш устаси, 26 ёшли Пенго Боссио Ванги Париж яқинидаги Трапп шаҳрида содир бўлган отишма оқибатида вафот этди. Бу ҳақда у фаолият юритган Atch Academy клуби Instagram’даги саҳифасида маълум қилди.

Маълумотларга кўра, кеча, 23 октябрь куни эрталаб Франциянинг Ивелин департаментидаги бир нечта ҳудудда қуролли ҳужум содир бўлган. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, беш киши оғир жароҳат олган. Жабрланганлар орасида 12 ёшли қиз ҳам бор. Маълум қилинишича, ҳужумчи автомобилдан туриб автоматик қуролдан ўқ узган. У ҳибсга олинган.

Франция Ички ишлар вазири Лоран Нуньеснинг айтишича, прокуратура ҳодисани террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаган. Ҳужум ирқий нафрат сабабли содир этилган бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган.

Франциянинг собиқ спорт вазири Амели Удеа-Кастера жангчининг оиласи, клуби ва мураббийига ҳамдардлик билдирган.

“Пенго Боссио Ванги бизнинг биримиз эди. У орамиздан кетди. Францияда бундай кескин нафратнинг кучайиб бораётганини ҳеч биримиз қабул қила олмаймиз. Келинг, у илдиз отишидан олдин уни тўхтатайлик”, деб ёзди Амели Удеа-Кастера X ижтимоий тармоғида.

Маълумот учун, Пенго Боссио Ванги Atch Academy клуби шарафини ҳимоя қилган. У ҳаваскорлар даражасида ярим ўрта вазн (77 килограммгача) ва ўрта вазн (84 килограммгача) тоифаларида жанг қилган. Жангчининг ҳисобида учта ғалаба ва тўртта мағлубият мавжуд.


Rate Count

0

Rating

3

Rate this article

Share with your friends