Ўзбек-қозоқ постлари кучайтирилган режимда ишлаётгани айтилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара-божхона постлари кучайтирилган режимда ишлаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 24 май куни Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматларининг икки томонлама сайёр учрашуви бўлиб ўтган. Учрашув доирасида шу кунларда икки давлатлар чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган юк автотранспорт воситаларининг тирбандлиги масаласига ечим топиш бўйича таклифлар берилган. Хусусан, кундузги вақтда фаолият юритувчи “Малик” (Ўзбекистон) – “Сирдарё” (Қозоғистон) ўтказиш пунктини суткалик режимга ўтказиш, шунингдек, ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг фуқаролиги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатга доир чекловларни бекор қилиш илгари сурилган.

Шунингдек, “Яллама” (Ўзбекистон) – “Б. Конисбаев” (Қозоғистон) чегара-божхона постлари орқали юк автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини суткасига 700 тагача кенгайтириш таклиф этилган.

Маълумот учун, сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги автотранспорт воситалари орқали ташилаётган ташқи савдо юклари 2 баробарга ошган. 2023 йилнинг 4 ойи давомида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали 331 минг 672 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 160 минг 689 тани ташкил қилган.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Туркистон вилоятидаги божхона постида юзлаб юк машиналар тирбандликда қолиб кетаётгани айтилган эди. Юк машиналарининг тирбандликда қолиб кетишига “Қоплонбек” постида олиб борилган реконструкция ишлари сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Ўзбекистон пост

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг