“UzAutoMotors”нинг имтиёзлари бўйича депутатлар сўровига махфий ҳужжат билан жавоб берилди
Жамият
−
06 Ноябрь 2020
14171Давлат божхона қўмитаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатларининг автомобиль ишлаб чиқарувчиларга берилган имтиёзлар юзасидан юборган сўровга махфий хат билан жавоб берди.
Депутат Расул Кушербоевнинг маълум қилишича, у Дониёр Ғаниев ва Бекмирза Эшмурзаев билан Давлат божхона қўмитаси раиси ҳамда Молия вазирига “UzAutoMotors” АЖ ва “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ учун автомашиналарни импорт қилишда импорт божи ва утилизация йиғимидан озод қилиш борасида Ҳукумат қарори ёки имтиёзли ҳуқуқ тақдим этилганлиги борасида батафсил маълумот бериш ҳамда мамлакат автомобиль бозоридаги рақобат муҳитини яхшилаш, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида автомобиллар учун импорт божларини камайтириш масаласи бўйича ўз нуқтаи-назарини баён этишни сўраб “депутатлик сўрови” юборган.
Кеча,5 ноябрь куни сўровга Давлат божхона қўмитасидан жавоб келган, аммо жавоб депутатларга берилмаган.
“Чунки жавоб махфий ҳужжат сифатида юборилибди...
Тасаввур қилаяпсизми: жамиятни, жамоатчиликни қизиқтираётган, давлат ва жамият хавфсизлигига боғлиқ бўлмаган масалада бизнинг очиқ юбораётган сўровларимизга жавоблар махфий, қўмита раисининг нуқтаи назари ҳам махфий ва биз ундан фойдалана олмаймиз. Кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан”, дейди Кушербоев.
У келгусида турли сирларни очишда ва монопол компанияларнинг йўқ обрўсини туширишда айбламасликларини хоҳлаганини билдирган.
“Бошқалардан фарқли ўлароқ депутат фаолияти очиқ бўлиб, жамоатчиликни қизиқтирган масалалар юзасидан ошкора мулоқотлар олиб боришни бурчимиз, деб билганимиз сабабли келгусида бизни қандайдир “қўрқинчли сир”ларни ошкор этиб, йўқ обрўсини туширишда айбламасликларини ҳохладик. Шундоғам пайт пойлаб туришибди.
Шу нуқтаи назардан қўлимизга олиш мумкин бўлмаса-да фақат танишиб, кейин жим юрилиши керак бўлган махфий жавоб билан танишишдан бош тордик”, дейди Кушербоев.
Депутат сўровга келган бу тарздаги жавобни олмаган деб ҳисобласа ҳам бўлишини таъкидлаб ўтган.
“Шубҳалар тасдиғини топиб бораяпти...
Катта эҳтимол билан Молия вазири ҳам жавобда шундай “приём” қўлласа керак. Кутамиз, лекин қайтиш йўқ.
Ҳозирча эса яшасин очиқлик, “яшасин” “UzAutoMotors” монополияси!”, дея сўзини якунлаган Расул Кушербоев.
P.S.: Яхшиямки, “UzAutoMotors” бор йўғи автомобиль ишлаб чиқаради. Ким билсин давлат хавфсизлигига алоқадаор бирор нарса ишлаб чиқарганда депутатларга бўш қоғоз келган бўлармиди...
LiveБарчаси