Усмоновга нисбатан айблов Тошкент ва Берлин муносабатларини кескинлаштирди – ОАВ
Олам
−
18 Ноябрь 2022
21196Германия ҳукумати ўзбек миллатига мансуб россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш ва солиқдан қочиш айбловлари бўйича тергов ҳаракатларини бошлагани Ўзбекистон билан дипломатик муносабатларни кескинлаштирган. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги Германиянинг “Spiegel” нашрига таяниб, хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, икки давлат дипломатлари ўртасида бир қатор инқирозли музокаралар бўлиб ўтган, жумладан, сентябрь ойи охирида Германиянинг Тошкентдаги элчиси чақирилган.
Бу 21 сентябрь куни Германия жанубидаги Тегернзее кўли бўйида Усмонов номидаги мулкда ўтказилган тинтувлардан кейин содир бўлган. Кейинги ҳафта Германия полицияси тергов доирасида мамлакат шимолидаги моторли яхтани ҳам тинтув қилди.
Ўзбекистоннинг Берлиндаги элчиси Германия Ташқи ишлар вазирлигидан Федерал жиноий полиция бошқармаси вакиллари билан учрашишни ҳам сўраган, аммо натижа бўлмаган, дейилади мақолада.
Россия Президенти Владимир Путин билан яқин муносабатда бўлган Усмонов Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган эди.
“Spiegel” нашрига кўра, терговчилар Усмоновни 2014-2022 йиллар давомида Германия ғазнасига 555 млн евро солиқ тўламаганликда айбламоқда.
Нашр расмий Тошкент Европа санкциялари, жумладан активларни музлатиш миллиардернинг Ўзбекистонга сармоя киритиш имкониятини чеклаб қўйганини таъкидлаган.
Аввалроқ “Financial Times” нашри Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан тадбиркор Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўрагани ҳақида хабар тарқатганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь