Ўзбекистон ЕИдан Алишер Усмоновга қарши санкцияларни бекор қилишни сўради
Олам
−
09 Ноябрь 2022
9110Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқидан тадбиркор Алишер Усмонов ва унинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўрамоқда. Бу ҳақда бугун, 9 ноябрь куни масаладан хабардор икки кишига таянган ҳолда “Financial Times” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Тошкент Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи расмийларининг сўнгги учрашувларидан санкциялар юзасидан хавотир билдириш учун фойдаланган. Шунингдек, Ўзбекистон тадбиркорга агар Брюссел ярим йўлни топа олмаса, юзага келиши мумкин бўлган суд ишида юридик ёрдам кўрсатади, деб ёзади газета.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нашрнинг изоҳ сўровига жавоб бермаган. Усмоновнинг матбуот котиби мамлакат ҳукумати ҳаракатларига изоҳ беришдан бош тортган, бироқ “санкциялар сармоявий ва хайрия лойиҳаларига тўсқинлик қилишини” қўшимча қилган.
“Европа Иттифоқининг санкциялар режими рўйхатга олинган барча жисмоний ва юридик шахсларга Европа Иттифоқи Адлия судида рўйхатга эътироз билдириш имкониятини беради”, дейди газетага Европа Иттифоқи ташқи ишлар хизмати вакили Петер Стано.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилган эди.
28 февраль куни ЕИ Кенгаши Усмоновни бошқа россиялик тадбиркорлар, расмийлар ва маданият арбоблари билан бирга Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини бузишга ҳисса қўшган шахсларнинг қора рўйхатига киритди. Уларнинг барчасига Европа Иттифоқига кириш тақиқланган, Европа Иттифоқидаги активлари музлатилган. Апрель ойида Усмонов ЕИ Кенгаши устидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, чекловчи чораларни бекор қилишни ва суд қарори чиққунга қадар уларнинг ижросини тўхтатиб туришни талаб қилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь