ЕИ Алишер Усмоновнинг синглисини санкциялар рўйхатидан чиқарди
Олам
−
20 Сентябрь 2022
6548Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси Саодат Нарзиева Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан чиқарилди. Бу ҳақда “Guardian” нашри хабар берди.
Газетанинг қайд этишича, Усмонов ва Нарзиева апрель ойида Европа Иттифоқи ҳудудида саёҳат қилиш ёки аъзо давлатлар ҳудудида жойлашган активлардан фойдаланишга тўсқинлик қилган санкцияларни бекор қилиш бўйича судга мурожаат қилган.
“Биз бошиданоқ Саодат Нарзиевага нисбатан қўлланилган санкциялар ёлғон айбловларга асосланганлигини айтган эдик, ҳозирда бу айбловлар ишончли ва аниқ рад этилди. Биз Европа Иттифоқи Кенгашининг Нарзиева хонимни Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатидан олиб ташлаш ҳақидаги қарорини олқишлаймиз”, дейди Нарзиеванинг матбуот котиби.
Сўнгги хабарларга кўра, Усмонов ҳамон санкциялар рўйхатида қолмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Саодат Нарзиева жорий йилнинг 13 апрель куни бир қатор россиялик амалдорлар ва олигархларнинг яқинлари қаторида Европа Иттифоқи рўйхатига киритилган эди. Шунингдек, Усмоновнинг яна бир синглиси Гулбаҳор Исмоилова номига расмийлаштирилган "Дилбар" яхтаси Германияда хатловга олинган.
Маълумот учун, шу ҳафта Европа Иттифоқи "қора рўйхат"идан ўчирилган бошқа исмлар орасида марҳум россиялик сиёсатчи Владимир Жириновский ва молиячи Михаил Фридманнинг собиқ рафиқаси Олга Аизиман ҳам бор.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси