Усмоновнинг “Dilbar” суперяхтасида тинтув ўтказилди

Олам

image

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновга нисбатан пул ювиш айбловларини текшираётган Германия полицияси унга тегишли бўлган “Dilbar” суперяхтасида тинтув ўтказди. Бу ҳақда кеча, 27 сентябрь куни BBC мамлакат прокуратурасига таяниб хабар берди. Усмоновнинг матбуот хизмати яхта унга тегишли эмаслигини айтмоқда.

Прокурор баёнотида кема ва унинг эгаси номи айтилмаган, бироқ у 69 ёшли россиялик тадбиркор экани ва тинтув ўтган ҳафта полиция Усмонов номидаги виллада тинтув ўтказган терговнинг бир қисми бўлгани айтилган. Олигарх матбуот хизматининг баёноти гап “Dilbar” яхтасида тинтув ҳақида кетаётганини тасдиқлайди.

Усмонов Россия давлати билан алоқалари туфайли Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган, унинг Европадаги активлари музлатилган ва Иттифоқ ҳудудида саёҳат қилиши тақиқланган.

Усмонов Европа Иттифоқининг санкция ҳужжатларида “кремлпараст олигарх” ва “Владимир Путиннинг севимли олигархларидан бири” сифатида тасвирланган.

Прокурорларнинг таъкидлашича, яхта эгаси жиноий ҳуқуқбузарликлар, хусусан, солиқ тўлашдан бўйин товлашдан олинган маблағларнинг келиб чиқишини яшириш мақсадида 2017-2022 йиллар оралиғида миллионлаб евролик молиявий операцияларни амалга оширганликда гумон қилинмоқда.

Германияда бойлиги тахминан 14,6 миллиард долларга тенг Усмоновга оид иккита алоҳида тергов иши юритилмоқда.

Федерал жиноий полиция бошқармаси маълумотларига кўра, яхтанинг нархи ярим миллиард еврони ташкил қилади.

Апрель ойида Германия расмийлари кема Усмоновга алоқадорлиги расман тасдиқлангач, суперяхтани қўлга олди. Айни вақтда Германия федерал полицияси кема Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор Исмоиловага тегишли эканлигини аниқлаган.

Усмоновнинг матбуот хизмати кеча кечқурун баёнот чиқариб, яхтанинг олигархга алоқадорлигини қатъиян рад этди. Усмонов вакилларининг сўзларига кўра, 2017 йилда яхта Sisters Family трести балансига ўтказилган, ундан фойда олувчилар орасида Усмоновнинг синглиси Гулбаҳор ҳам бор эди. Бироқ, Европа санкциялари киритилгандан сўнг, у бенефициарлар қаторидани чиқарилди, жамғарма мустақил бошқарувчи томонидан бошқарилади.

Баёнотда, шунингдек, “сўнгги бир неча йил ичида” Усмонов яхтадан ижара асосида фойдалангани, бунинг учун у бозор шартларида пул тўлагани, бу тегишли ҳужжатлар билан тасдиқлангани айтилади.

“Шундай қилиб, жаноб Усмонов ҳам, унинг синглиси ҳам, қариндошларидан бирортасининг ҳам ҳозир бу мулкка алоқаси йўқ.

Ўтган ойлар давомида такрор айтяпмиз, Алишер Усмонов ушбу оилавий жамғармаларни яратиб, ўз мулкининг бир қисмини уларга ўтказар экан, мақсад ўз яқинлари ва уларнинг оила аъзоларининг фаровонлигини таъминлаш бўлган, мол-мулкни яшириш эмас”, дейилади матбуот хизмати изоҳида.

Қайд этилишича, мол-мулкни оилавий фондларга ўтказиш амалдаги жаҳон амалиётига мувофиқ мутлақо қонуний тартибда амалга оширилган.

Аввалроқ, Германия полицияси унинг виллаларида тинтув ўтказгани ва ноёб буюмларни топгани ҳақида хабар берган эдик. Топилмалар орасида қимматбаҳо Фаберже тухумлари ҳам бор.

Алишер Усмонов АҚШ, Буюк Британия ва Европа Иттифоқи санкциялари остида. У Россиядаги олтинчи бой, Металлоинвест ва Мегафон компанияларининг эгаси. Унинг бойлиги санкциялар жорий қилинганидан кейин 21,6 миллиард доллардан 18,9 миллиард долларга тушиб кетди. Аввалроқ Германия Усмоновнинг 750 миллион долларлик Дилбар суперяхтасини ҳибсга олган эди. 

Баҳорда Усмонов Европа Иттифоқининг Россиянинг Украинага бостириб киришига жавобан унга нисбатан қаттиқ санкциялар қўллаш қарори устидан шикоят қилган. Усмонов 29 апрель куни ЕИ Бош судига апелляция аризаси билан мурожаат қилиб, судьялар якуний қарорга келгунига қадар санкцияларни тўхтатиб туришни сўраган. 

Қайд этилишича, Европа Иттифоқининг санкциялари бўйича суд жараёни бир неча йил давом этиши ва камдан-кам ҳолларда улар қаратилган шахсларнинг ғалабасига олиб келиши мумкин. Хусусан, қочоқ Украина собиқ президенти Виктор Янукович ва унинг ўғли 2014 йилдан бери, ҳаттоки уларни 2020 йилги санкцияларга киритиш бўйича судларда ғалаба қозонганидан кейин ҳам Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатида қолмоқда. 

16 сентябрь ҳолатига кўра, Германия камида 4,88 миллиард евролик Россия активларини музлатиб қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Усмонов

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг