Ўсимликлар карантини агентлиги инспектори пора билан ушланди
3-саҳифа
−
16:26 2859 1 дақиқа
Тошкент шаҳрида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси инспектори 20 млн сўм пора билан қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар бреди.
Қайд этилишича, инспектор ўз хизмат мавқеини суистеъмол қилган ҳолда ноқонуний бойлик орттирмоқчи бўлган. Хусусан, у Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқарога тегишли 7 турдаги, жами 187 дона қадоқда бўлган минерал ўғит маҳсулотларини “Навоий” чегара божхона пости орқали ўтказиб берганлиги эвазига 20 млн сўм талаб қилган.
Мазкур ноқонуний ҳаракат Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитасининг Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида фош этилган. Инспектор сўралган пул маблағини пойтахтнинг Олмазор тумани ҳудудида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятида танишини ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган мансабдор 2 минг доллар билан ушланган эди.
Live
Барчаси