Урганчдаги ҳибсхонада сақланаётган 3 киши операция қилиниши керак
Жамият
−
04 Октябрь
10864Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги 11-сон тергов ҳибсхонасида сақланаётган 3 нафар шахсга жарроҳлик амалиётини ўтказиш тавсияси берилди. Бу ҳақда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, 27 сентябрь куни ҳибсхонада чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилиб, унда 150 нафардан ортиқ шахслар тиббий кўрикдан ўтказилган.
Тиббий текширувлар натижасига кўра, 23 нафар шахсга қандли диабет, 27 нафар шахсга гипертония касаллиги, 11 нафар шахсга юракнинг ишемик касаллиги, 5 нафар шахсга гинекологик, 15 нафар шахсга неврологик, 6 нафар шахсга травматологик, 18 нафар шахсга дерматовенерологик ва 7 нафар шахсга кўз касалликлари билан боғлиқ ташхислар қўйилган.
“Тиббий кўрик натижалари бўйича 1 нафар шахсга қўшимча текширув тавсия этилди, шунингдек, амбулатор шароитда даво муолажаларини олаётганларга қўшимча дори-дармонлар ёзиб берилган бўлса, 3 нафар шахсга жарроҳлик амалиётини ўтказиш тавсияси берилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг биринчи ярмида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган ёпиқ муассасаларда ишловчи 50 нафар ходимга ҳайфсан берилган, 2 нафар ходим маъмурий жавобгарликка тортилган, 3 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганди. Август ойида эса Жиноят кодексига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиши каби ҳолатлар учун оғирлаштирувчи жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши ҳақидаги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.