“Ундан нимам кам?” Жанубий Корея ҳам илк айғоқчи аппаратини учирди
Олам
−
02 Декабрь 2023
3968Кеча, 1 декабрь куни Жанубий Корея ўзининг биринчи разведка сунъий йўлдошини учирди, у Илон Маскнинг Space X Falcon 9 ракетаси ёрдамида орбитага чиқарилди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
Жанубий Корея сунъий йўлдоши Калифорниядаги Ванденберг космик кучлари базасидан учирилган. Учиришдан кўп ўтмай, сунъий йўлдош орбитага чиқарилган ва ердаги бошқарув бўлими билан муваффақиятли алоқа ўрнатган.
Қайд этилишича, Ердан 400-600 километр узоқликдаги орбитага ўрнатилган сунъий йўлдош 30 сантиметр ўлчамдаги жисмларни аниқлай олади.
Шундай қилиб, Жанубий Корея ядро қуролига эга Шимолий Кореяни кузатиш учун биринчи разведка йўлдошига эга бўлди.
Маълумотларга кўра, Сеул 2025 йил охиригача яна тўртта разведка йўлдошини учиришни режалаштирмоқда.
Жанубий Корея айғоқчи сунъий йўлдошининг учирилиши Пхеньян ўзининг разведка сунъий йўлдошини орбитага олиб чиққанидан икки ҳафта ўтмай амалга оширилди.
"Шу пайтгача Жанубий Корея [Шимолий Кореяни кузатиш учун] асосан АҚШ сунъий йўлдошларига таяниши керак эди", дейди Сангжи университети ҳарбий фанлари профессори Чой Ги Ил.
Қайд этиш жоизки, Шимолий Корея ўз сунъий йўлдоши аллақачон Америка ва Жанубий Кореянинг йирик ҳарбий объектлари суратларини, шунингдек, Италия пойтахти Рим суратларини узатганини маълум қилган.
Сеул эса Шимолий Корея Россиянинг Украина билан урушида фойдаланиш учун қурол эвазига Москвадан техник ёрдам олганини даъво қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Шимолий Корея ўзининг разведка йўлдошини учирганди. Бунга жавобан 22 ноябрь куни Корея Республикаси кескинликни камайтириш бўйича Кореялараро келишувнинг амал қилишини қисман тўхтатганини эълон қилди. Ушбу чора учиш тақиқланган зоналар ҳақидаги қоидаларга тегишли эди. 23 ноябрь куни КХДР Мудофаа вазирлиги энди бутун келишувга риоя қилмаслигини ва ҳужжатда тақиқланган чораларни қўллашни қайта бошлашини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь