Шимолий Корея Ким Чен Ин бош-қошлигида жосуслик сунъий йўлдошини учирди (фото)
Олам
−
22 Ноябрь 2023
5521Шимолий Кореяда бортида айғоқчи сунъий йўлдоши бўлган баллистик ракета учирилди. Бу ҳақда мамлакат ахборот агентлиги маълум қилди.
"Малиген-1" сунъий йўлдоши Сохэ сунъий йўлдошни учириш марказидан “Чоллима-1” ракетаси ёрдамида парвоз қилган. Ракета маҳаллий вақт билан тахминан соат 22:43 да ҳавога кўтарилган.
Айтилишича, ракета белгиланган маршрут бўйлаб нормал ҳаракатланган ва айғоқчи сунъий йўлдошни учиришдан 705 сония ўтиб орбитага аниқ жойлаштирган.
Парвоз чоғида космодромда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ҳам бўлган.
Пентагон матбуот котиби Сабрина Сингхнинг билдиришича, америкалик ҳарбийлар сунъий йўлдошни фазога чиқариш амалиёти муваффақиятли бўлгани ёки йўқлигини аниқлашда давом этмоқда.
Жанубий Корея КХДР баёнотига жавобан ҳарбий кескинликни камайтиришга қаратилган 2018 йилда имзоланган Кореялараро келишув қисмларини амалга оширишни тўхтатиш чораларини кўришини билдирган. Ҳаракат мамлакатлар ўртасидаги ҳарбий чегара чизиғи атрофидаги ҳудудда разведка ва кузатув операцияларини қайта бошлашни ўз ичига олади.
Шимолий Кореянинг бу йилги айғоқчи сунъий йўлдошини орбитага олиб чиқиш бўйича биринчи уриниши 31 май куни бўлиб ўтди ва ракета ҳаводан кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб, двигатель тизимида носозлик юзага келган.
Август ойи охирида Пхеньян яна айғоқчи сунъий йўлдошни орбитага жойлашга уриниб кўрди ва бу сафар ҳам уддалай олмади. Ракетанинг қисмлари Филиппиндан 600 км шарқда қулаган эди.
LiveБарчаси