Маҳлуқ педофил қамоқда меҳрибон бўлиб қолмайди – Алишер Қодиров
Crime
−
15:52 10954 3 minutes
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров айрим оғир жиноятлар учун ўлим жазоси қўлланиши зарурлигини айтди. Бу ҳақда Қодиров ўзининг Telegram-каналида ёзди.
“Биз бугун бегуноҳ халқлар ва болалар қирғинига чора кўролмайдиган даражада заиф ва иккиюзламачи мезонларга мослашиш ва ўзларига қарши ишлатилишидан хавотир олаётган “қўрқоқ қаҳрамонлар”ни айюҳанносларига қулоқ тутиб бу заруратга кўз юмяпмиз”, дейди депутат.
Унинг ёзишича, айрим тоифадаги жиноятчиларни жамиятдан умрбод ажратиб қўйишнинг ўзи етарли эмас. Қодиров, айниқса, қасддан одам ўлдирганлар, бола қотиллари ва педофилларга нисбатан ўлим жазоси қўлланиши кераклигини илгари сурган.
“Ажратиб олишда хато қилиш мумкин бўлмаган айрим тоифадаги жиноятчиларнинг яшаши ўзиёқ жамият ҳалoвати учун хавфдир. Бу тоифадаги жиноятчиларни йиллар давомида янада жиноятчироқ қилиб жамиятга қайтариш орқали жиноятни про шакллари учун шароит яратилмоқда, холос. Амалдаги қонунлар билан эҳтимолий ватан хойни давр ўзгариб миллий қаҳрамонга айланиши мумкиндиp, унга ҳеч қачон ўлим жазоси қўлланилмаслиги керак, лекин рецидивист, бола ўлдира олган ёки мурғак болани топташ даражасидаги маҳлуқ-педофилни қамоқда меҳрибон педагог бўлиб қолишига кимдир ишонса ҳайратланаман”, дея ёзган у.
Қодировнинг фикрича, бундай жиноятчиларни узоқ йиллар давомида қамоқда сақлаб, кейинчалик жамиятга қайтариш янги жиноятлар содир этилишига шароит яратиши мумкин.
У инсоннинг бошқа инсонни ўлдиришини дунёвий ва диний қарашларда энг оғир жиноятлардан бири сифатида баҳолаб, бундай жиноят учун жазога нисбатан турли ёндашувлар мавжудлигини қайд этган.
Депутат қасддан одам ўлдирган, айниқса бола қотиллари ўзларини қандай жазо кутаётганини аниқ билиши кераклигини таъкидлаган.
“Беайб инсонни қасддан ўлдирган, айниқса бола қотили ва педофилларни яшашда давом этиши кейинги шу шаклдаги жиноятлар учун мотивациядир”, деб ёзган Алишер Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К.М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритганди. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олганди.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қизчани зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Бундан ташқари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева маълум қилишича, қизалоқ ва унинг онасига бошқа шаҳардан уй-жой ажратилиб, онасига эса ўқиш ва ишга жойлашишда ёрдам берилади.
Live
All