Бобур Бекмуродов Алишер Қодировнинг ўлим жазоси таклифига қарши чиқди
Local
−
14:14 1963 6 minutes
Аввалроқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров болаларга қарши жиноятлар, айниқса, қасддан одам ўлдирганлик учун ўлим жазосини жорий этиш кераклигини айтган эди. “Юксалиш” ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик қўмитаси раиси Бобур Бекмуродов эса мазкур таклифга муносабат билдириб, ўлим жазосига қарши эканини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Бекмуродов Алишер Қодировга мурожаат қилиб, болаларга қарши жиноятлар учун жазо муқаррар ва қатъий бўлиши кераклиги борасидаги фикрни қўллаб-қувватлашини, бироқ ўлим жазоси масаласида унинг позициясига қўшилмаслигини айтган.
Унинг билдиришича, ўлим жазосини жорий этиш болаларнинг ўзини ҳам янада катта хавф остида қолдириши мумкин.
“Агар болани зўрлаш ўлим билан жазоланса, жиноятчини ягона гувоҳни, яъни боланинг ўзини йўқ қилишдан тўхтатиб турадиган ҳеч нарса қолмайди”, деб ёзган Бекмуродов.
Бекмуродов бу фикрини жиноятчи жиноят изларини яшириш мақсадида жабрланувчини ҳам ўлдириши мумкинлиги билан изоҳлаган. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятлари ва суд хатоси эҳтимолини ҳам ҳисобга олиш кераклигини қайд этган.
“Ўлим жазоси қайтариб бўлмайдиган жазо. Суд хатоси эҳтимолини эса ҳеч қачон бутунлай истисно қилиб бўлмайди”, дея қайд этган у.
Бекмуродовнинг ёзишича, болаларни ҳимоя қилиш фақат жазони кучайтириш билан чекланмаслиги керак. У бунинг учун жинсий жиноятчилар реестрини юритиш ва бундай шахсларга болалар билан ишлашни умрбод тақиқлашни таклиф қилган.
“Болаларга қарши жиноят содир этган шахсларни болалар билан ишлашдан умрбод четлатиш, уларни назорат қилиш ва хавфни эрта аниқлаш механизмларини кучайтириш керак”, деб ёзган Бекмуродов.
Унинг фикрича, мактаб ва маҳаллаларда хавфни эрта аниқлаш, жиноятларни тез ва муқаррар фош этиш, шунингдек, жабрланган болаларга тергов ва суд жараёнларида ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдам кўрсатиш ҳам муҳим.
“Боланинг хавфсизлигини таъминлаш учун жиноят содир бўлгандан кейин жазолаш билан бирга, бундай ҳолатларни олдиндан аниқлаш ва жабрланувчини ҳимоя қилиш тизимини ҳам кучайтириш зарур”, дея таъкидлаган у.
Шундан сўнг Алишер Қодиров Бекмуродовнинг фикрига муносабат билдириб, айрим масалаларда ҳамфикр эканини айтди.
“Бир ҳақиқатда ҳамфикрмиз: болаларимизнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги – халқимиз учун олий қадрият”, деб ёзди Қодиров.
Қодиров Бекмуродовнинг бу фикрига яна бир бор муносабат билдириб, ўлим жазоси масаласида ўз позициясида қолишини маълум қилган.
“Бобуржон Мансурович, фикрларингизни ҳурмат қиламан, лекин ўз фикримда қоламан”, деб ёзди Қодиров.
Биринчидан, у Конституция жамият тафаккурига уйғунлашиб бориши кераклигини, халқ талаб қилса, унга ўзгартишлар киритилиши мумкинлигини айтган.
“Халқ талаб қилса яна ўзгаради, бу нормал ҳолат”, деб ёзди Қодиров.
Иккинчидан, унинг билдиришича, педофил қилмиши учун муқаррар ўлим жазоси кутаётганини билса, жиноят содир этишдан қайтиши мумкинлигига умид қилиш керак.
“Педофил қилмиши учун уни муқаррар ўлим кутаётганини билса жиноят қилмайди, деб умид қилишимиз керак”, дея қайд этган у.
Учинчидан, Қодиров қонунлар, аввало, халқ манфаатлари учун қабул қилиниши кераклигини, халқаро мажбуриятлардан кўра халқ манфаатлари устувор бўлиши лозимлигини таъкидлаган.
“Биз қонунларни халқимиз учун қабул қиламиз, халқаро мажбуриятларимизни бажариш учун эмас, халқимиз манфаатлари доимо устувор бўлиши керак”, деб ёзди у.
Шунингдек, у суд хатоси масаласига тўхталиб, судьянинг эркин, виждонли ва билимли бўлиши муҳимлигини айтган.
“Судья хатоси ҳақида эса гапиришни ҳам истамайман. Шифокор ҳамма нарсани тўғри қилса ҳам унга боғлиқ бўлмаган жараёнларни олдини ололмаслиги мумкин, лекин судья нафақат ўлим, жарима ҳукмини ҳам тўғри чиқариш учун журъатли, эркин, виждонли ва билимли бўлиши етарли”, деб ёзди Қодиров.
У тизимда муаммолар борлиги, судьяларга ишлаш учун шароит яратиш ва адвокатлик институтини ривожлантириш зарурлигини ҳам тан олган.
“Лекин судьяни савиясидан хавотир билан адолатли жазони рад этиш, қабул қилиб бўлмас ёндашув”, дея таъкидлайди у.
Тўртинчидан, Бекмуродов оғир жиноятларнинг олдини олишда жиноятчини тўхтатадиган муросасизлик етишмаётганини айтган.
“Сиз айтган ишларни ҳаммаси бор ва бўляпти, лекин жиноятчини тўхтатадиган муросасизлик етишмаяпти. Оғир жиноятлар профилактикаси учун оғир ва шафқатсиз қарорлар бўлиши керак”, дея хулоса қилди Қодиров.
Бекмуродов Қодиров билан болалар хавфсизлиги ва фаровонлиги масаласида ҳамфикр эканини таъкидлаб, фикрини қуйидаги сўзлар билан якунлаган:
“Бир ҳақиқатда ҳамфикрмиз: болаларимизнинг хавфсизлиги ва фаровонлиги – халқимиз учун олий қадрият”.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш жиноятлари учун узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш кўзда тутилгани ҳақида хабар берилган эди.
Намангандаги боғчада фожиа
Аввалроқ, Наманган вилоятидаги боғчада омбор мудири 5 яшар тарбияланувчини зўрлагани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан Учқўрғон тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жорий йилнинг 12 сентябрь куни Жиноят кодексининг 118-моддаси (Номусга тегиш) 4-қисми ва 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу жиноятни содир этишда гумонланаётган К. М. процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан суд томонидан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, yшбу воқеа ортидан Ўзбекистондаги боғчаларда ходимларни текшириш бошланганди ҳамда юз берган кўнгилсиз ҳолатни атрофлича ўрганиш, масъулларнинг хизмат вазифасига лойиқлигини кўриб чиқиш бўйича Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан Ишчи гуруҳ тузилганди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига тақдимнома киритган. Мазкур ҳолат бўйича терговни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев шахсан назоратга олган.
Шунингдек, Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева 5 яшар қизни зўрлаган омбор мудирига максимал оғир жазо берилишини билдирган эди. Намангандаги 5 яшар қизалоқ билан боғлиқ фожиа ортидан унинг оиласи бошқа шаҳарга кўчирилиб, уларга уй-жой ва зарур реабилитация хизматлари кўрсатилиши ҳам маълум қилинган. Ўзбекистонда болаларга нисбатан зўравонлик содир этганлик учун жавобгарликни кескин кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасига киритилган эди.
Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова Наманганда қизалоққа қилинган зўравонлик ортидан ҳодисага муносабат билдириб, болалар тақдирига бефарқ, ўз вазифасига масъулиятсиз муносабатда бўлган инсонларнинг таълим тизимида ишлашига йўл қўйилмаслигини билдирган эди.
Live
AllStarship kosmik kemasi ilk bor orbitaga yo'l oldi
28 September