Ўлат хавфи: Кремль Трампнинг таклифига жавоб қайтарди
Олам
−
16:41 4228 2 дақиқа
Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Иркутск вилоятидаги инфекция билан боғлиқ вазият муносабати билан Америка етакчиси Дональд Трампнинг Россияга ёрдам беришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
“Ўзаро ёрдам таклиф қилингани ҳамиша жуда яхши”, дейди Песков.
У “нима юз бераётгани ва ишлар қай аҳволда экани ҳақида етарлича батафсил ахборот бериб бораётган” Роспотребнадзор маълумотларига таянишни таклиф қилган.
“Роспотребнадзор етарлича тўлиқ маълумотни тақдим этмоқда, шу сабабли мен сизга ўша ерга мурожаат қилишни тавсия қиламан. Роспотребнадзор томонидан баёнотлар берилди, кейинчалик улар бизнинг оммавий ахборот воситаларимизда эълон қилинди”, дейди Россияраҳбарининг матбуот котиби.
Унинг сўзларига кўра, идора иши давомида қўшимча маълумотлар бериб борилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотларга муносабат билдириб, ўз ёрдамини таклиф этгани ҳақида хабар берилган эди.
Россия расмийлари жорий йилнинг 29 сентябрь куни Иркутск ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония симптомлари билан шифохонага ётқизилгани ва 1 дан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этганини хабар қилган эди.
ОАВ у ўлат қурбони бўлгани ҳақида ёзган. Тахминлардан бирига кўра, 27 ёшли аёл Мўғулистон билан чегарада ўлат ўчоғи қайд этилган Бурятияга хизмат сафаридан қайтган. Бошқа бир тахминга кўра эса, у лабораторияда хавфли бактерия солинган пробиркани тасодифан синдириб юборган. Аёлнинг ўлимидан сўнг у ётқизилган Шелехов шифохонаси карантинга ёпилган, шунингдек, марҳума билан мулоқотда бўлган 189 киши аниқланиб, шифохонага жойлаштирилган. Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев ушбу одамларда касаллик белгилари аниқланмаганини маълум қилган.
Ушбу воқеалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон эҳтиёт чораларини кучайтирди. Хусусан, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ўта хавфли инфекцияларнинг кириб келишининг олдини олиш учун масъул хизматларнинг шайлигини оширди.
Шунингдек, 3 октябрь куни Байкалск шаҳри маъмурияти фуқароларни Шелеховга бормасликка чақирган. Кейинчалик бу хабар ўчириб ташланган. Жорий йилнинг 4 октябрь куни эса Иркутскдаги бир нечта шифохоналарда уч ҳафталик карантин жорий этилган.
Россия расмийлари эса унинг ўлатдан вафот этганини тасдиқламаган. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги соҳасини назорат қилиш федерал хизмати (Роспотребнадзор) беморга “келиб чиқиши номаълум пневмония” ташхиси қўйилганини билдирган.
Live
БарчасиСергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь