Украинанинг қўшнилари Еврокомиссиянинг гапига кирмаяпти
Олам
−
17 Сентябрь 2023
13514Еврокомиссия баъзи Европа давлатларининг талабига қарамасдан Украинадан дон етказиб бериш бўйича 15 сентябрда тугаган тақиқни узайтирмади. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг расмий сайтида маълум қилинди.
Айтилишича, Европа Комиссияси қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тўрт тоифаси (маккажўхори, буғдой, колза ва кунгабоқар уруғлари) экспорти Европа Иттифоқи бозорига қандай таъсир қилишини таҳлил қилган ва Украина билан чегарадош беш аъзо давлатда бозор бузилишлари йўқолди, деган хулосага келган.
“Мавжуд чора-тадбирлар бугун тугайди, деб қарор қилинди. Украина томонидан самарали чоралар кўрилаётган ва тўлиқ ишлаётган экан, Европа Комиссияси ҳар қандай чекловлар жорий этишдан тийилади”, дейилади баёнотда.
Ўз навбатида, Киев ЕИга дон етказиб беришда кескин ўсишни олдини олиш учун 30 кун ичида экспортни лицензиялаш тизимини ўз ичига олган ҳуқуқий чоралар жорий этишга ваъда берган. Бундан ташқари, Украина расмийлари 18 сентябргача бозордаги тартибсизликларнинг олдини олишга ёрдам берадиган ҳаракатлар режасини тақдим этиши керак.
Европа комиссиясининг қарори Украина билан чегарадош давлатлар томонидан қаршиликка учради. Улар эмбаргони бир томонлама узайтиришга қарор қилган. Хусусан, Польша Тараққиёт ва технологиялар вазири Вальдемар Буда Украинадан мамлакатга озиқ-овқат етказиб беришни тақиқлашни узайтириш ҳақидаги буйруқни имзолаганини айтган.
"Европа комиссиясининг Украинадан ғалла эмбаргосини узайтиришни рад этиш ҳақидаги нотўғри қарори муносабати билан, Бош вазир Матеуш Моравецкий ва бутун ҳукуматнинг кўрсатмаларига мувофиқ, мен эмбаргони сақлаб қолиш тўғрисидаги буйруқни имзоладим", дейди Буда.
Бош вазир Моравецкий ҳам Польша телевидениесида, Еврокомиссия қарорига қарамай, Украина донини импорт қилиш тақиқланганини эълон қилган.
“Биз Берлинни тингламаймиз, фон дер Ляйенни, Тускни ёки Веберни тингламаймиз! Биз буни қиламиз, чунки бу польшалик деҳқоннинг манфаатларига мос келади!”, деган Польша ҳукумати раҳбари.
Ўз навбатида, Словакия ҳам Украина донига эмбаргони бир томонлама узайтиришга қарор қилган. Республика Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақиқ кеча, 16 сентябрга ўтар кечаси кучга кирганини билдирган.
Венгрия эса бир вақтнинг ўзида 24 турдаги Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаб, бундан ҳам узоқроққа борган.
“Брюссель қарор қабул қилди: Украина донини импорт қилиш тақиқини узайтирмади. Венгрия миллий даражада ўз чегараларини ёпмоқда ва бу Украинанинг 24 та товарларига етказилмоқда”, деган Венгрия Қишлоқ хўжалиги вазири Иштван Надь.
Рўйхатга нафақат дон, балки сабзавот, гўшт, тухум, асал ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳам киритилган.
Венгрия Бош вазири Виктор Орбан томонидан имзоланган фармонда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини мамлакат ҳудуди орқали транзитга олиб ўтишга рухсат берилгани, бироқ ҳар бир юк 15 кун ичида олиб ўтилиши, юк муҳрлаб қўйилиши айтилади.
“Биз Европа Комиссиясининг тақиқни сақлаб қолиш тўғрисидаги қарорини сўнгги дақиқагача кутдик, бироқ Брюссель Шарқий Европа фермерларининг ёрдам сўраб қилган мурожаатига қулоқ солади”, дейди Надь.
Шунга қарамасдан, Украина билан чегарадош бўлган Руминия ва Болгария Еврокомиссия қарорини қўллаб-қувватлаган ва эмбаргони узайтирмаган.
Импорт тақиқи туфайли Болгария биргина ҚҚС бўйича 146 миллион лев (74,6 миллион евро) йўқотган ва эмбарго узайтирилса, ойига яна 40 миллион лев (20,4 миллион евро) зарар кўриши мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг 2 май куни Европа Иттифоқининг бешта давлати – Болгария, Венгрия, Польша, Руминия ва Словакия Украина ғалласини олиб киришга тақиқ жорий қилган ва кейинчалик бу чекловни 15 сентябргача узайтирган. Украина сентябрь ойида Еврокомиссияга чекловларни олиб ташлаш талаби билан мурожаат қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини тартибга солиш бўйича бир қатор чора-тадбирларни жорий қилишни ваъда қилган.
Бироқ Шарқий Европа фермерлари Украина донига мутлақо қарши. Чунки мазкур арзонроқ ғалланинг бозорда мавжудлиги фермер хўжаликларининг вайрон бўлишига олиб келади. Фермерлар ғалла импортини тўхтатиш талаби билан норозилик намойишларини ўтказган, бу эмбарго қўлланилишининг сабабларидан бири бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 15 сентябрь куни Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украинадан дон етказиб бериш АҚШ томонидан назорат қилиниши ва Европа Иттифоқи етакчилари бу масалада Европа манфаатларига эмас, балки АҚШга хизмат қилишини айтганди.
LiveБарчаси